Одамларга нима бўляпти?

Булунғур тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига оилавий можаролар юзасидан ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти бўлим бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари М.Қурбанова томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ечим топиш чоралари кўрилади.

 

  • Ҳар битта мурожаатга оғир-босиқлик билан, индивидуал равишда ёндашиш лозим. Чунки, бир оиланинг ажрими, бир неча бегуноҳ гўдакларнинг тарбиясида, онгида улкан бўшлиқ ҳосил бўлишига олиб келади, дейди М.Қурбанова. - Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, деганларидек, ҳар сафар оилавий можарога дуч келганимда, ўзим учун керакли хулосаларни чиқариб оламан. Тўғри, ҳаёт мураккаб, бироқ, икки инсон оила қуриб, фарзандли бўлдими, энди улар фарзанди учун ҳам улкан масъулиятни ҳис этиши лозим. Бу борада етарли тажрибага эга бўлсамда, баъзи оилавий можароларни кўриб нима дейишни ҳам билмай қоламан. Беихтиёр ҳаёлимга бир сўз келади: Одамларга нима бўляпти ўзи?

Жумладан, яқинда ҳам шундай ҳолатга дуч келдим. Оила бошлиғи Н.Х 1969 йилда, унинг турмуш ўртоғи Н.Х 1975 йилда туғилган. Булунғур тумани фуқаролари. Фарзандларининг бири турмушга чиққан. 27 ёшли ўғли уйланиш арафасида. Бироқ, оила ажрим ёқасида! 2 нафар ўғил ота билан, 2 нафар ўғил ва 1 нафар қиз она билан яшайди! Ҳаётнинг озми кўпми аччиқ-чучугини бирга тотган, аллақачон қайнота-қайнона бўлиб улгурган ушбу инсонларга нима дейишни ҳам билмай қоласан киши.

 

Биз одатда ёш оилалар ўртасидаги можаролар, ажримлар тўғрисида сўз юритамиз. Бироқ, ажрим ёқасига келиб қолган юқоридаги каби кўп йиллик оилаларнинг ҳам учраётганлиги кишини ташвишга солади. Оила ва маҳалла масалаларида амалга оширилиши лозим бўлган ишларимиз ҳали бисёр эканлигини англатади, дея хулоса қилади М.Қурбанова.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM