ХОТИРАНИНГ ЎЧМАС САҲИФАЛАРИ...

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси

Ўразали бобо Пирманов билан суҳбатдан

 

Ўразали бобо уруш хотираларини шундай эслайди...

1944 йил  ноябрь ойида урушга чақирилганман, 40 кун давомида Чирчиқ шаҳрида урушга тайёрланганмиз. Чирчиқдан қизил вагонда урушга кетганман. Эсимда, вагон ранги қизил эди. Поезд йўлда фронтга яқинлашиб қолганимизда Польша чегарасига яқин ҳудудда тун вақтида немис ҳаво кучлари томонидан биз кетаётган эшелонимиз бомбардимон қилинди. Бомбадан омон қолган аскарлар билан биргаликда Польша ўрмонлари орқали жанг майдонларига кириб борганмиз. 1945 йилнинг бошида  урушга кирганман. Собиқ Иттифоқ Маршали Жуков қўмондонлигидаги 1-Беларуссия фронтида, умумқўшин армиясида хизмат қилганман.

Қўмондонликдан келган топшиқга биноан аскарларнинг тамаки чекиши, автомобиль чироқларини ёқиб юриши, олов ёқиш қатъий тақиқланган эди. Ўша тундаги юришлар вақтида осколка мени елкамга урилди. Ўша вақтда ватанпарварлик жангларида билинмаган жароҳат уруш тугаганидан кейин оғриқ бера бошлади ва ҳозирги кунга қадар елкам оғриб туради.

Жангларда Бухорлик қуролдош дўстим Шомуродов Рустам ҳар доим ёнимда эди. Уни кўп эслайман. Мен у билан бирга жангларда иштирок этганман. У ҳам урушдан омон қайтган эди.

Бизинг полк жанг ҳаракатлари давомида катюша қуроли билан немис позициясини эгаллаганимиз хотирамда абадий сақланиб қолган. Жанг ҳаракатлари давомида немис фашистлари мағлубиятга учраганини билиб, “Гитлер капут” деб таслим бўлар ёки орқасига караб қочар эди.

Берлинни эгаллаш вақти 15 кун шу шаҳарда бўлдик. Берлинни эгаллашда асосан ҳаво ва артиллерия кўпроқ иштирок этганди.

Польшадан оддий аскар сифатида чиқиб, Берлингача пиёда борганмиз. Уруш даврида мени қийнаган асосий нарса - ҳеч бир аскар ухламас эди. Уйқунинг инсон учун нақадар муҳим аҳамият касб этишини ўшанда билганман. Озиқ-овқатдан кўп қийналмаганмиз, лекин дам олмасдан, уйқусизлик билан жангларда иштирок этар эдик. Германиягача немислар қўшинини таъқиб қилиб бордик. Уруш якунида Берлинда фашист Германиясини таслим қилиш жангларида иштирок этдим.

Уруш тугагандан кейин Берлин шаҳри атрофида жойлашган баллистик ракета ишлаб чиқарадиган заводни 8 ой давомида қўриқладик. Ушбу заводни қўриқлашда уруш ҳаракатларида асирга тушмаган ёш аскарларни олиб келиб ишлатишган эди. Ўша вақтларда мен ошқозон касаллиги билан ҳарбий госпитилда ётдим ва кейин менга уйга жавоб беришди. Ушбу заводнинг собиқ иттифоқ ҳудудига олиб келинишида қатнашганман. Хизматдан 1947 йил октябрда қайтдим. Мен уруш давомида учта ҳарбий қисмда хизмат қилганман.

Уруш вақтида “Сталин” ва “Германия устидан Ғалаба қозонганлиги учун” медаллари, “Иккинчи даражали “Улуғ Ватан уруши ордени”, уруш тугагандан кейин “Польшани озод этишдаги иштироки учун” ва “Берлинни олинишидаги иштироки учун” медаллари билан тақдирланганман.

Уруш вақтида жанг ҳаракатлари билан бирга қизиқ воқеалар ҳам кўп бўлар эди. Батальонимизда кўп қизиқчиликлар қилганман. Рус тилин яхши билмаганлигим сабабли менинг рус тилидаги гапларим кулгули чиқиб, талаффуз қилишим командирларим ўртасида кулгули вазиятларга олиб келар эди.

Бугунги замонда шундай буюк давлатимиз борлигига шукроналар келтириб, келгуси авлодлар урушларни кўрмаслигини ният қиламан. Ўшанда 17 ёш эдим. Инсон таналарининг парчаланиб кетиши, бомбаларнинг портлаши оқибатида инсон аъзоларининг узулиб тушиб, қимирлаб ётишларни кўриш азоб эди.

 Бу каби урушларни бундан кейин одамзод  кўрмасин. Мамлакатимиз тинч, осойишта бўлсин. Ватанимиз фақат гуллаб-яшнасин, тинчлик ҳар доим ҳукмрон бўлсин.  Илоҳим парвардигор юртимизни бало-қазолардан асрасин, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

Сухбатдош ЎзМТДП Булунғур туман Кенгаши раиси

Алижон ШОКИРОВ.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM