Бозорлар барқарор ишламоқда. Нарх-навода ўзгариш йўқ.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус аниқлангани эълон қилинди. Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари асоссиз кўтарилиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Албатта, аҳолининг ўзини оммавий равишда бозорга уришидан айрим “тадбиркорлар” фойдаланиб қолишни истаган.

 

Ушбу вазиятни инобатга олган ҳолда Булунғур туман ҳокимлиги томонидан бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навоси назоратга олинди. Сотувчилар нархларни сунъий оширмаслик тўғрисида огоҳлантириб чиқилди. Шунингдек, турли баҳсли вазиятларнинг олдини олиш мақсадида маҳсулотларнинг нарх-навоси барча учун кўринарли даражада ёзиб қўйилди.

Туман ҳокимлиги томонидан асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишга мўлжалланган “Наврўз” савдо ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркада маҳсулотларнинг арзон нархлардаги савдоси йўлга қўйилди.

Булунғур деҳқон бозори ҳудудида “Нарх-навонинг асоссиз ўсишини назорат қилувчи ишчи гуруҳ штаби” ташкил этилди.

 

Бугун, жорий йилнинг 18 март куни ҳам тумандаги деҳқон бозорини кўздан кечирганимизда гувоҳи бўлдикки, бозорларимизда нарх-наво барқарор, савдо доимгидек, барча маҳсулотлар етарли - ҳеч бир маҳсулотга ёппасига талашган кишини учратмайсиз. Тугаб кетганлиги, қиммат сотилаётганлиги айтилган унлар ҳам савдо шахобчаларида 150 минг сўмдан сотилаётганлиги аҳоли учун кўринарли қилиб ёзиб қўйилган.

  • Биржада ун нархларида бироз ўзгариш бўлди, аммо, нархлар яна ўз ҳолига қайтмоқда, дейди тадбиркорлар.

Ҳаёт бир маромда давом этмоқда. Карантин эълон қилинганлигини тушунган, ўз соғлиғига бефарқ бўлмаганлар тиббий ёки қўлбола ниқоб тақиб олишган.

Ҳурматли фуқаролар, ортиқча саросимага берилмаслигингизни сўраймиз. Босиқлик билан, бирдамлик билан ҳаракат қилсак, барчаси рисоладагидек бўлади.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM