Матбуот анжуманида нималар маълум бўлди?

Хабар қилганимиздек, бугун вилоят Матбуот уйида “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ директори Холмурод Бобомуродов ва Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖ директори Умарали Жўраев иштирокида 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда қиш мавсумида аҳолини газ ва электр энергияси билан таъминлаш масалаларига доир анжуман ўтказилди.

 

Электр энергияси таъминотидаги узилишлар қачон бартараф этилади?

Бу ва бошқа саволларга Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖ директори Умарали Жўраев жавоб берди.

- Айни пайтда вилоятда электр энергияси таъминотида муҳим бўлган трансформатор пунктлари сони 11 мингтани ташкил этади,-деди  мазкур корхона директори. - Уларнинг 70 фоизи яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Ўтган йилда жами 600,4 км узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 266 комплект трансформатор пунктларида янги қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Эътиборлиси, ўтган йилда 6 дона трансформатор пунктлари ўрнатилди. Ваҳоланки 20 йил давомида бундай пунктлардан 17 тасини ўрнатишга эришгандик, холос. Мазкур йилда 500 комплект трансформатор пунктларида янги қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилиши кўзда тутилган. Шунинг эвазига босқичма-босқич электр энергияси таъминотини яхшилашга эришамиз.

 

Шунингдек, матбуот анжумани давомида “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ директори Холмурод Бобомуродов ҳам бир журналистларнинг саволларига жавоб берди.

- “Иссиқлик таъминоти бўлмагани учун меъёрдан кўп газ ишлатаяпмиз”

Матбуот анжуманида “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ директори Холмурод Бобомуродов шундай фикр билдирди.

- Вилоятимиздаги 62 мингта кўпқаватли уйнинг атиги 3 мингтаси иссиқлик таъминотига эга, - деди Холмурод Бобомуродов. - Қолган кўпқаватли уйларда табиий газдан уйни иситиш мақсадида фойдаланилади. Бир дона газ плитасининг 55 куб газ ҳажми билан ишлашини ҳисобга олсак, 11 миллион кубдан зиёд табиий газ сарфлаяпмиз.

Айни пайтда вилоятда 285 мингта хонадон табиий газ билан таъминланган, 442 мингдан зиёд хонадонларга суюлтирилган газ етказиб берилади.

2019 йилда вилоят истеъмолчиларига қарийб 15 миллион куб, жумладан, аҳоли хонадонларига 848,4 миллион куб, улгуржи истеъмолчиларга 312,6 миллион куб табиий газ етказиб берилган.

Жорий йилда жами 1530,8 миллион куб, жумладан, аҳолига 825,4 миллион куб, улгуржига  332,8 миллион куб табиий газ етказиб берилиши режалаштирилган.

 

Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM