10-11-синфларида фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитилиши мумкин

Халқ таълими Вазирлигининг маълум қилишича, 2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, тажриба сифатида 10-11-синфларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитила бошланади. Тажриба синов 2019-2020 ўқув йили якунига қадар ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, вариатив (ўзгарувчан) ўқув режаларининг жорий қилиниши ихтиёрий бўлиб, мактабда танлов синфини ташкил этишда юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинади.

 

Қуйидаги ҳолларда умумий ўрта таълим мактабларида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа жорий қилинишига йўл қўйилмайди:

  • ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналардан норозичилик бўлса;
  • умумий ўрта таълим мактаблари вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа асосида ўқитиладиган синфга тегишли фандан дарс бериш учун етарли малака ва тажрибага эга ўқитувчи билан таъминланмаган бўлса.

 

Танлов синфи йўналиши 10-, 11-синфлар кесимида ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказиш орқали аниқланади. Бунда бир нафар ўқувчи фақат битта йўналишни танлайди.

Сўровнома натижасида тегишли танлов синфида ўқишни хоҳлаган ўқувчилар сони 35 нафардан ошиб кетса, бундай ҳолда ўқувчилар мактаб томонидан ташкил этиладиган тегишли фан бўйича синов натижалари асосида танлов синфига қабул қилинади.

Агарда танлов синфида ўқишни хоҳлаган ўқувчилар сони 35 нафардан ортиқ бўлмаса, бундай ҳолда ўқувчилар танлов синфига синовсиз қабул қилинади.

 

Танлов синфини ташкил этиш учун қуйидаги йўналишлар тавсия этилади:

- биринчи йўналиш: хорижий тил ва филология йўналиши;

- иккинчи йўналиш: молия – иқтисод йўналиши;

- учинчи йўналиш: технология йўналиши;

- тўртинчи йўналиш: табиий фанлар йўналиши;

- бешинчи йўналиш: ижтимоий-гуманитар йўналиш.

Вариатив ўқув режаларининг жорий этилиши натижасида 10- ва 11-синфларда ўқувчилар ўқийдиган мажбурий фанлар сони 15 тадан 8 тага камаяди. Мазкур ўқув режасини тажриба-синовдан ўтказиш жараёнида она тили ва адабиёти, ўзбек тили/рус тили, чет тили, тарих, математика, информатика, маънавият асослари (тарбия), жисмоний тарбия фанлари мажбурий ўқитилади.

 

Танлов фани бўйича қўшимча ажратилган соатларда қуйидагилар амалга оширилади:

- ўқувчиларга фанларни чуқур ўргатиш ва тегишли мавзуларга доир қўшимча маълумотлар бериш;

- ўқувчилар билимини мустаҳкамлаш ва мавзуларни тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлаш;

 - “Khan Academy O‘zbek – Onlayn ta’lim platformasi” таълим ресурсларидан фойдаланиш;

- қўшимча адабиётлардан мисол ва масалалар, тестлар (ДТМ сайтидаги намунавий тестлар) ечиш;

- олий таълим муассасалари ўқитувчиларини жалб қилиш;

- ўқувчиларни олий таълим муассасаларининг кириш имтиҳонларига тайёрлаш.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM