Пахта эмас, тўқимачилик моллари экспорт қилинади.

Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб хорижий давлатларга пахта хом ашёсини эмас, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар - тўқимачилик молларини етказиб беради.

Бу ҳақда мамлакат инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Япониянинг Nikkei Asian Review нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда кун.уз интернет нашри.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бутун ҳосилни мамлакат ичида қайта ишлаб, АҚШ ва Хитойга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Прогнозларга кўра, бу йил Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 2 миллиард долларга, 2025 йилда эса 8 миллиард долларга етади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон чет элга пахта толаси етказиб беришни аста-секин камайтирмоқда. Статистикага кўра, 2010 йилда Ўзбекистон 1,5 миллиард долларлик пахта толаси экспорт қилган. 2015 йилда бу рақам 736 миллион долларни, 2018 йилда эса 222 миллион долларни ташкил этди.

2015-2019 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM