Байрам муносиб нишонланди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда устоз ва мураббийларнинг жамиятдаги ҳурматини янада ошириш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Буни ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида кўришимиз мумкин. Жумладан, жорий йилда 1 октябр – устоз ва мураббийлар куни илк бор ўзгача бир кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Жорий йилнинг 30 сентябр куни Булунғур туманида ҳам ана шу мўтабар касб соҳиблари бўлмиш устоз ва мураббийлар куни байрами муносабати билан туман марказидаги “Шердор” базмгоҳида байрам дастурхони ёзилди. Байрам тадбирида ўрта-махсус таълим, халқ таълими, мактабгача таълим, маданият, спорт соҳасида фидокорона меҳнат қилиб келаётган устоз ва мураббийлар, нафақадаги ўқитувчилар иштирок этишди.

Байрам тадбири давомида туман ҳокими Б.Бахрамов сўзга чиқиб, барча йиғилганларни касб байрами билан табриклади ва соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган 80 дан ортиқ устоз ва мураббийларни ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари билан қутлади.

Шунингдек, байрам дастури давомида туман халқ таълими, мактабгача таълим бўлими раҳбарлари, “Булунғур ҳаёти” газетаси бош муҳаррири, истеъфодаги мураббийлар сўзга чиқиб, йиғилганларни бугунги ажойиб байрам муносабати билан самимий қутладилар.

Байрам дастури туман маданият уйи томонидан тайёрланган шўх куй ва қўшиқлар жўрлигида давом этди.

Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM