Булунғурда мустақиллик шодиёналари

Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси  ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 28 йил тўлди. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир.

Жорий йилнинг 28 август куни Булунғур туманида ҳам жонажон юртимиз мустақилигининг 28 йиллик тантаналари “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида кенг миқёсда нишонланди. Тумандаги барча ташкилотлар, 10 000 га яқин туман аҳолиси иштирок этган мазкур тантанани туман ҳокими Б.А.Бахрамов очиб бердилар ва барча булунғурликларни ушбу шодиёна муносабати билан муборакбод этдилар. Шунингдек, туман ҳокими туманимиз аҳолисини ўтган 8 ой муддат давомида амалга оширилган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, қўлга киритилган ютуқлар билан  яқиндан таништирдилар, келгуси режалар билан ўртоқлашдилар. Шундан сўнг давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган бир гуруҳ фидоий инсонлар туман ҳокими томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Байрам тадбирлари туман маданият уйи томонидан тайёрланган шўх куй ва қўшиқлар ҳамоҳангилигида давом этди. Туман ҳокимлиги спорт бўлими томонидан спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Байрам тадбирлари иштирокчиларига хуш кайфият улашиш ниятида ташриф буюрган “Давр” гуруҳи чиқишлари барчани ўйинга чорлади.

Байрамга ташриф буюрганлар мароқли дам олишиб, маданий ҳордиқ чиқаришди.

Юртимизда байрамлар кўпаяверсин. Зеро, озод ва обод юртга байрамлар ярашади, азизлар.

Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Телеграм: https://t.me/Hokimlik_matbuot_xizmati

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM