Навбатдаги очиқ мулоқот янгича форматда ўтказилди

Хабар берганимиздек, бугун, 4 май куни Булунғур тумани ҳокими Баходир Бахромов иштирокида навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Таъкидлаш керакки, мазкур очиқ мулоқот илк бор янгича форматда ташкил этилиб, туман ҳокимлигининг фуқаро мурожаатларини қабул қилиш мақсадида ташкил этилган “Bulung'ur. uz | Rasmiy kanal Chat” телеграм гуруҳи орқали “Овозли суҳбат” (Голосовой чат) режимида ўтказилди.

 

Очиқ мулоқот Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаев ҳамда Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов томонидан имзоланган медиа-режага мувофиқ, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий-моддий ёрдамлар таҳлили” мавзусида бўлиб ўтди. Мулоқот аввалида туман ҳокими томонидан мавзу юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

 

Шундан сўнг, мулоқот иштирокчиларига сўз берилиб, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Хусусан, Улуғбек маҳалласи фуқароси Дилшод Юсупов шартномага асосан олиниши керак бўлган наслли қорамолни уйига олиб келган бўлсада, “Микрокредитбанк” Булунғур туман бўлими томонидан банк кредити ажратилиши пайсалга солинаётганлиги билдирилди. Мурожаатчи фуқарога ушбу масала назоратга олиниб, тез орада ижобий ечим топиш чораси кўрилиши билдирилди.

 

Шунингдек, Бўдана маҳалласи фуқароси Қўчқоров Абдуҳамид томонидан тумандаги собиқ “Диёр” футбол клуби фаолиятини тиклаш борасидаги таклиф билдирилди. Туман ҳокими мазкур таклиф жуда ўринли эканлигини ва бу борада режалар белгилаб олинганлигини билдирди. Хусусан, келгусида тумандаги “Диёр” ўйингоҳи ҳам таъмирланиши ва жорий йил III чорагида “Диёр” футбол клуби фаолияти ҳам йўлга қўйилишини маълум қилинди.

 

Мулоқот сўнгида туман ҳокими бу каби онлайн очиқ мулоқотларни исталган мавзу юзасидан келгусида ҳам доимий равишда ўтказиб боришга тайёр эканлигини, таклиф ва мулоҳазаларни гуруҳ орқали билдириш мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM