Ҳоким спортчи қиз хонадонида бўлди

Бироз аввал хабар берганимитздек, жорий йил 13-23 апрель кунлари Польшанинг Кельце шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ўтказилган жанглар якунига кўра, терма жамоа таркибида юртимиз шарафини ҳимоя қилган булунғурлик спортчи қиз Ситора Турдибекова -57 кг вазн тоифасида иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритган эди.

 

Булунғур тумани ҳокими Баходир Бахромов Ситорани ушбу ютуқ билан табриклаш мақсадида унинг хонадонида бўлди. Туман ҳокими қўлга киритилган улкан муваффақият билан ёш спортчини табриклар экан, бу каби ютуқлар ҳали бошланиши эканлигини, келгусида бунданда улкан зафарларни қўлга киритиб, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтаришга тилакдош эканлигини билдирди.

Туман ҳокими ёш спортчининг уйида жам бўлган қўни-қўшни, маҳалла-кўйга ишора қилар экан, - Мана биз ҳам худди ўзимиз ғалаба қозонгандай хурсанд бўлдик. Сиз каби ёшларимиз билан фахрландик. Насиб қилса, бу ғалабалар ҳали дебочаси бўлади. Бунинг учун қўлимиздан келган ёрдамни қилишга, қўллаб-қувватлашга ҳар доим тайёрмиз, дея таъкидлади.

Маълумот учун, Ситора Турдибекова 2002 йилда Булунғур туманида туғилган. 2019 йилда ёшлар ўртасида Жиззах шахрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 1 ўринни, шу йили Ўзбекистон кубоги учун Наманган шахрида ўтказилган беллашувларда 1 ўринни, 2019 йилда Қозоғистон Республикаси Президент кубоги учун ўтказилган беллашувларида 1 ўринни, 2020 йил аёллар ва қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 3 ўринни қўлга киритган.

Айни кунларда Ситора Турдибекова шу йилнинг 21 май - 1 июн кунлари Бирлашган Aраб Aмирликларининг Дубай шаҳрида ўтказиладиган бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати мусобақаларида иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмоқда.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM