Шунчаки ўзимизни ҳурмат қилиш вақти келмадимикин?

Бундан бир қанча муддат олдин вилоят миқёсида юк ташиш қоидаларини бузган ҳолатда ҳаракатланаётган авторанспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан рейд тадбирлари амалга оширилган эди. Шу ойларда йўлларда, жумладан, туманимизда ҳам тош, шағал ёки бошқа бир юк ортган ҳолатда ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситаларининг юк устини ёпган ҳолатда ҳаракатланаётганлигига, ҳатто йўлнинг ярмида тўхаб ҳам автотранспорт воситаси устини ёпаётганликларига гувоҳ бўлган эдик.

 

Аммо, афсуски, вақт ўтгани сари бу каби талаб ҳайдовчиларнинг ҳам, ЙҲХБ инспекторларининг ҳам ёдидан кўтарилгандек, гўё. Сабаби, бугун йўлларимизда автотранспорт воситаларида йук ташиш қоидаларини бузган ҳолатда ҳаракатланиш ҳолатлари бот-бот учрамоқда. Энг ёмони меъёридан ортиқ миқдорда юк ортилиши натижасида йўлларимиз нафақат юк оғирлигидан, қўшимчасига автомобил устидан йўл бўйи тўкилиб келаётган тош ва шағаллардан ҳам ўз ҳолатини йўқотиб бормоқда. Бундан эса, пировард натижада нафақат автомобил ҳайдовчилари зарар кўради, балки давлат бюджетига ҳам зарар етказилади. Қолаверса бу каби транспорт воситалари устидан тўкилаётган тошлар унинг ортидан ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчининг ҳаётини ҳам хавф остида қолдирмоқда...

Ҳурматли ҳайдовчилар!

Қачонгача жарима тўламаслик учунгина қонунларга бўйсунамиз? Қачонгача ўзимиздан бошқани ўйламаймиз, қонунларга ҳам, инсон ҳаётига ҳам беписандлик билан муносабатда бўламиз? Қачон шунчаки бошқаларни, ўзимизни ҳурмат қилганимиз учунгина, шу жамиятнинг онгли бир аъзоси сифатида қонунларга риоя этишни бошлаймиз?

Сўзимизнинг сўнгида туман ИИБ ЙҲХБ масъул ходимларидан бу каби ҳолатларга эътиборли бўлишларини сўраб қоламиз.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM