Депутатлар аҳолини камбағалликдан чиқариш ҳаракатида

Бугун жойларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, халқимиз эртани кутиб эмас, бугун бахтли яшаши лозим.

 

Булунғур туманида ҳам бу борадаги ишлар кенг кўламда, мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, яқиндагина “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган 180 нафар фуқароларга Булунғур туман ҳокимлиги томонидан жами 450 млн. сўмлик товар моддий бойликлар, жумладан, 31 та мотокултиватор, 132 та тикув машинаси, 18 та пишириқ печи, 4 та карчер, 4 та пайвандлаш ускунаси топширилган эди.

Жойларда амалга оширилаётган бу каби лойиҳаларда ҳеч шубхасиз халқ вакиллари бўлмиш депутатларнинг ҳам ўрни муҳим. Хусусан, улар халқ ичида юриб, унинг муаммоларини тинглашга ҳамда ижро ҳокимяти вакилларига етказишга астойдил ҳаракат қилишмоқда.

Жорий йил 30 март куни Булунғур туманида ана шундай лойиҳалардан навбатдагиси амалга оширилди. 12-Булунғур сайлов округидан Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига сайланган депутат Юсупов Носир Фотиҳович, 13-Килдон сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Насруллаев Феруз Фурқатович, 14-Мингчинор сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Абдуллаев Бахтиёр Носирович томонидан 12 нафар “Темир дафтар”да рўйхатда турган фуқароларга асбоб-ускуналар беғараз тарқатилди. Ушбу оилаларга келгусида даромад топиши ва оиланинг иқтисодий турмуш даражасини яхшилаш мақсадида туман “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 7 та мотокултиватор, 4 та тикув машинаси, 1 та автомобил таъмирлаш учун дамкрат, калитлар тўплами ва диагностика ускунаси, 1 та пишириқ печи берилди.

Мазкур асбоб-ускуналарни топшириш тадбирида иштирок этган туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшод Ҳабибуллаев ҳам, оилалар келгусида ушбу асбоб-ускуналардан оқилона фойдаланган ҳолда оиласига даромад келтириши ва иқтисодий-ижтимоий аҳволини яхшилаши лозимлиги билдириб ўтди.

Жойларда мазкур лойиҳа доирасидаги амалий ишлар давом этмоқда.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM