Диний экстремизм ва терроризм - жамият тараққиётига таҳдид

Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаб келган ўлка. Аждодларимиз доимо бошқа дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилиб келганлар.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 94% дан зиёди ислом динига эътиқод қилади. 3,5% га яқини эса православ динига мансуб бўлиб, қолганларини бошқа конфессия вакиллари ташкил этади. Ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.

Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда дин ниқоби остида очиқдан-очиқ зўравонлик, бузғунчилик, инсонийликка зид, ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Террористик ташкилотлар, айниқса, интернет тармоғида гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақида тарғибот-ташвиқот олиб бораётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудига бориб, ушбу гуруҳлар сафига қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Яна эътибор бериш лозим бўлган бир ҳолат, экстемистлар ўзларига эргашмаган барча мусулмонларни “кофир”га чиқариб, эркакларни қатл қилиб, аёллар ва болаларни эса қул сифатида сотиш каби қабиҳ ишларга қўл ураяптилар.

- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: “Набий (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ деди: “Уч (киши) борки, қиёмат куни мен уларга хусуматчиман: Менинг номим билан (аҳд) бериб, кейин хиёнат қилган киши; ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; ишчи ёллаб, ундан (ишни) тўла талаб қилиб олиб, ҳақини бермаган киши”. Гўёки “ҳижрат” савобини оламиз, деб даъво қилаётган баъзи адашган ёшлар юқоридаги каби одамфурушлардан ўрнак олмоқчими?! Қуръони Каримда айнан шундай ҳолатлар ҳақида “Зулм (ноҳақлик) қилганларга суянмангиз, токи сизларга (дўзахдан) олов етмасин!” (“Ҳуд” сураси, 113-оят) дейилган. Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи гуруҳларнинг исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермокдалар, - дейди Ғўс жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳмон Азиммуродов.

Хорижга иш ахтариб кетган айрим ёшлар экстремистик оқим аъзоларининг таъсирига тушиб, юртга қайтгандан сўнг ён-атрофдагилардан “жамоат” тузишга, уларни “ҳижрат”га олиб чиқишга қаратилган ҳаракатлар содир этаётгани кузатилмоқда. Албатта, иш жойини танлаш ҳуқуқи ҳар ким учун кафолатланган, бироқ ҳозирда айрим хорижга кетганларнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолаётгани, хору зор бўлиб, бирон нарса орттириб қайтиш ўрнига, боридан ҳам айрилиб келаётгани ҳам бор гап. Энг ёмони, пул топиш истагида хорижга кетганларнинг баъзилари чет элдаги ясама “дин даъватчилари”нинг қармоғига илиниб, сохта “ҳижрат” ва “жиҳод” даъватларига учаётгани, уч-тўрт сўм учун Сурия, Афғонистон каби низо ва уруш ўчоқларида қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётгани бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб, ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар.

Экстремистик оқимлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернетдаги ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Баъзи ёшларимиз «ўргимчак тўри» орқали террорчи ташкилот, ақидапараст гуруҳлар таъсирига тушиб қолиши, мутаассиб шахсларнинг маърузаларини дискда ёки қўл телефони хотирасида сақлаб, тинглаб юриш ҳолатлари мавжуд. Айниқса, ҳатто ўсмир ёшдаги болалар жангариларнинг фаолиятини тарғиб қилувчи материалларни телефонда қўлма-қўл қилаётганлари янада ачинарлидир.

Яна таъкидлаш жоизки, тинчликни улуғ неъмат, деб эълон қилган динимизда инсон бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан кайтарилган. Шу нуқтаи назардан, фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимизнинг мутасадди идоралари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашлари ва қўлидан келганча уларга ёрдам беришлари лозим.

Шундай экан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш - ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг, давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, тадбиркор ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъий назар, энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим.

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM