Сессияда 2021 йил “Обод қишлоқ” дастури бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ахборот берилди

Бугун, 25 март куни Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги йигирма саккизинчи сессияси бўлиб ўтди. Туман кенгаши раиси Баходир Бахромов раислигида ўтган сессия кун тартибида учта масала кўриб чиқилди.

Хусусан, сессия аввалида кун тартиби, регламент ҳамда сесси котиби тасдиқланганч, кун тартибидаги биринчи масала яъни, туманда 2021 йил “Обод қишлоқ” дастури бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари Д.Хабибуллаев ҳамда туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Р.Халжигитовларнинг ахбороти тингланди.

Ҳисоботда айтилганидек, 2021 йил дастурига мувофиқ туманда 2 та қишлоқ “Обод қишлоқ” дастури доирасига киритилган бўлиб, булар Мингтепа маҳалласи Бирлик қишлоғи ҳамда Хўжамазгил маҳалласи Фармонтепа қишлоқларидир.

Бугунги кунда Мингтепа маҳалласи Бирлик қишлоғида қишлоқда 225 та хонадон, 1 297 нафар фуқаро, Хўжамазгил маҳалласи Фармонтепа қишлоғида 145 та хонадон, 813 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда.

Дастур доирасида Бирлик ва Фармонтепа қишлоқларига 15,1 млрд. сўммаблағ ажратилиши режалаштирилган бўлиб, шундан, Республика бюджетидан 7,9 млрд сўм, маҳаллий бюджетдан 7,2 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Шундан:

-Бирлик қишлоғида 8,9 км (2,7 км. асфальт, 6,2 км. тош йўл)

-Фармонтепа қишлоғида 10 км (4,0 км. асфальт,  6,0 км. тош йўл) автомобиль йўллари ва ички йўлларни таъмирлаш режалаштирилган.

Дастур бўйича қишлоқларда маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 726,2 млн.сўм маблағ эвазига 1,1 км пиёдалар йўлакларини таъмирлаш ва 66 та тунги кўча ёритиш устунларини ўрнатиш кўзда тутилмоқда.

Шундан, Бирлик қишлоғида 600 метр пиёдалар йўлакчаси қилиниб, 36 дона тунги ёритиш чироқларини ўрнатилади.

Аҳолига ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида сув таъминоти маблағлари хисобидан Фармонтепа ва Бирлик қишлоқларида 1,480 млрд.сўмга 2 та янги сув иншооти қуриш, 3 та сув иншоотини реконструкция қилиш, 9,5 км сув тармоғи тортиш режалаштирилган.

Мазкур қишлоқларда электр таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида тармоқ (Ўзбекэнерго АЖ) корхона маблағлари хисобидан 294,0млн.сўм эвазига 61 та таянч устунлари ўрнатиш 3,0 км янги тармоқ тортиш,  2 та янги трансформатор ўрнатиш ва 1 та трансформаторни жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида Фармонтепа ва Бирлик қишлоқларида тармоқ (Узтрансгаз АЖ) корхона маблағлари хисобидан 52,8 млн.сўмга 163 та суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш белгиланган.

Жумладан, Фармонтепа ва Бирлик қишлоқлари бўйича умумий қиймати 6,6млрд. сўм маблағ ижтимоий соҳа объектларига сарфланади. Жумладан, Фармонтепа қишлоғида 41 мактаб реконструкция қилинади, Бирлик қишлоғида 32-мактаб мукаммал таъмирланади. Шунингдек, Бирлик қишлоғида Дўстлик ПП реконструкция қилинади, 1 та муассаса янгидан қурилади.

Шунингдек, мазкур қишлоқларда бозор инфратузилмаси, транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, Ирригация ва мелорация объектларини қуриш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.

 

Сессия кун тартибида таклиф этилган қарор юзасидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди, таклифлари муҳокама қилинди. Кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилгач, тегишли қарорлар қабул қилинди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM