Байрамга муносиб совға: Булунғурда 5 та маҳалла биноси фойдаланишга топширилди

Бугун юртимизда маҳалла тизимини ривожлантириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ортиқча бюрократик топшириқлардан халос этиш, самарали фаолият юритиши учун ҳар томонлама шарт-шароит яратиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилганлиги, 2020 йил 2 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар йили 22 март мамлакатимизда “Маҳалла ходимлари куни” сифатида кенг нишонланиши белгиланганлиги ҳам мазкур тизимнинг жамият ҳаётида нечоғлиқ муҳим аҳамият касб этишидан даролатдир аслида.

Бугун юртдошимиз томонидан “маҳаллабай”, “фуқаробай” ишлаш лозимлиги бот-бот такрорланиб, маҳалла раислари ҳам ислоҳотчи бўлишлари лозимлиги таъкидланмоқда. Зеро, жамиятда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда маҳалла фуқаролар йиғинларининг роли катта. Шундай экан, маҳалла тузилмасининг бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда, самарали фаолият юритиши учун унга етарли даражада шарт-шароит, моддий-теъник база зарур. Аввало, маҳалланинг манзили аниқ бўлиши лозимки, зеро, ҳар бир фуқаронинг борар манзили ҳам айнан маҳалладир.

 

Айни шу талаблардан келиб чиққан ҳолда, бугун Булунғур туманида ҳам маҳалла марказлари биноси, унда ходимлар учун яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, айни кунларда тумандаги 10 та маҳалла биноси давлат-хусусий шериклик асосида янгидан қурилмоқда. 10 та маҳалла биноси капитал таъмирланиб, маҳаллада ходимлари учун етишмаётган хоналар янгидан қурилмоқда, шунингдек, 8 та маҳалла биноси жорий таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этмоқда.

 

Бугун, 22 март, айни маҳалла тизими ходимлари кунида тумандаги 5 та маҳалла биносининг фойдаланишга топширилганлиги тизим ходимлари, шунингдек, маҳалла фуқаролари учун чинакам байрамона туҳфа бўлди дейиш мумкин. Жумладан, Меҳржон, Булунғур, Амир Темур, Самарқанд, Гулзор маҳаллаларининг бугун бўлиб ўтган очилиш маросимида сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, маҳалла ходимлари ҳамда маҳаллаларнинг нуроний отахонларию фаол фуқаролари иштирок этишди. “Наврўз” умумхалқ байрамига уланиб кетган бугунги очилиш тадбирларида барча маҳаллаларда қўй сўйилиб, дастурхон безалган. Маҳалла аҳлининг шодлиги чексиз, барча байрамона кайфиятда.

 

Сабаби шу вақтга қадар ушбу маҳаллаларнинг марказлари умуман йўқ ёки кўримсиз бир аҳволда эди. Аксарият маҳаллалар бир вақтлари ҳашар йўли билан қурилган ёки чойхонага мослаштирилган, маънан эскирган биноларда фаолият юритиб келган бўлса, айримларида умуман маҳалла биноси мавжуд бўлмаган, натижада улар турли идора ёки хусусий тадбиркорларга қарашли биноларда ижарада фаолият юритиб келаётган эди.

Мисол учун, тумандаги Амир Темур маҳалласи биноси 1984 йилда нуронийлар учун чойхона мақсадида қурилган ва шу кунга қадар маҳалла аҳли ҳашар йўли билан таъмирлаб келишаётган эди. Эндиликда мазкур бино ҳам маҳаллий бюджет маблағлари эвазига бутунлай янги қиёфа касб этди. Барча ходимлар ҳамда фуқаролар учун зарурий шарт-шароитлар яратилди. Маҳалла марказида нуронийлар учун шахмат бурчаги, ёшлар учун кичик кутубхона фаолияти йўлга қўйилди.

Ёки тумандаги Гулзор маҳалласини оладиган бўлсак, маҳалла шу кунга қадар идорама-идора ижарада туриб келаётган эди. Бугун давлат-хусусий шериклаик асосида маҳалла учун янги бино қад ростлади. Энди маҳалланинг ўз маъмурий биноси бор. Замонавий лойиҳа асосида қурилган маҳалла биносида ҳар бир ходим учун алоҳида-алоҳида хоналар, замонавий моддий-техник база мавжуд. Туман ҳокими Баходир Бахромов таъкидлаганидек, эндиликда мазмун маҳалла ходимлари ҳамда шу маҳалла фуқароларининг ўзларига боғлиқ.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM