Ҳар бир маҳалланинг ўсиш нуқталари аниқ белгиланган

Бугун ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳақида сўз борар экан, асосий эътибор ишни “маҳаллабай” ташкил этишга қаратилмоқда. Зеро, маҳалла жамиятнинг ўзини-ўзи бошқарувчи энг кичик бўғинларидан биридир. Булунғур туманида ҳам “маҳаллабай” ишлаш борасида ўзига хос тизим яратилган бўлиб, унга кўра, ҳар бир маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда ўсиш нуқталари белгилаб олинган. Бунда маҳаллалар қайсидир фаолият йўналиши билан шуғулланишга даъват этилмайди. Шунчаки, маҳаллий аҳоли кўпроқ қайси фаолият тури билан шуғулланишса, айнан шу ва шунга ёндош фаолият турларини янада ривожлантириш, етиштирилган маҳсулотларга бирламчи ишлав бериш ёки саноат ишлаб чиқаришга ўтиш орқали маҳсулот харидоргирлиги ва таннархининг ошишига эришиш, шу йўл билан янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини ўстириш кўзда тутилмоқда.

Хўш, бу борада Булунғур тажрибаси қандай? Ушбу саволга жавоб топиш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида туманнинг бир қанча маҳаллалардида кўргазмали семинарлар ташкил этилди. Қўшни туман ҳамда вилоятдан келган соҳа ходимларига бу борада туманда амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти аниқ мисоллар асосида тушунтириб берилди.

Келинг, эътиборингизни аниқ мисолларга қаратамиз. Булунғур туманида жойлашган Навбаҳор маҳалласида бугунги кунда 565 та хонадон бўлиб, 3600 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла бугунги кунда сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва қурут ишлаб чиқариш соҳасида ихтисослашган маҳаллаларнинг бири ҳисобланади. Маҳалладаги 90 га яқин хонадон сут маҳсулотларини қайта ишлаб қурут ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади.

Биргина Холиқулов Ислом, Ўрозов Эркин, Нарчаев Машрабларнинг хонадонига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг ҳар бири кунига 100-150 килограмгача чаккини қайта ишлаш эвазига ўртача 50 килограм қурут маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Ушбу фаолият орқасидан оилалар ойига ўртача 4 миллион сўм, йилига эса ўртача 48-50 млн.сўм миқдорда даромад оладилар. Эътибор қаратиш лозимки, улар кимдандир иш сўрашмаяпти. Оилада ўзини-ўзи банд қилишиб, яхшигина даромад қилишмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ушбу маҳаланинг ўсиш нуқтаси сифатида мазкур тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш чоралари кўрилиши белгилаб олинган. Жумладан, маҳалладаги ҳар бир хонадонда қурутни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида янги турдаги технологик воситалардан фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириб, янги иш ўринларини кўпайтириш чоралари кўрилади.

Ёки тумандаги Саҳоват маҳалласини оладиган бўлсак, ушбу маҳалла бугунги кунда картошка етиштириш борасида тумандаги энг олди маҳаллалардан бири саналади. Ушбу маҳаллада бугунги кунда 575 та хонадон бўлиб, 3 945 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла аҳолсининг аксарият қисми, яъни 417 та хонадон 15-20 сотих мавжуд томорқа майдонига картошка экиш билан шуғулланади. Маҳаллада асосан томорқа ер майдонига картошканинг “Эволюшн”, “Янги эволюшн” “Аризона”, “Санта”, “Пикассо” каби навлари экилади. Ушбу картошка навларини бир йилда икки мавсум экиш орқали 20 сотих томорқа ер майдонидан ўрта ҳисобда 12 тоннага яқин ҳосил олинади.

Келинг, ҳисоб-китобларимизни шу маҳалла фуқароси Расулов Баҳром мисолида кўриб чиқсак. Оила мавжуд 20 сотих ер майдонига бир йилда икки мавсумда ҳам картошка экишади. Бунинг учун зарурий 600 килограм картошка уруғи учун 2 млн 100 минг сўм, ўғит учун 500 минг сўм, ерни экин экиш учун тайёрлаш ва бошқа ҳаражатлар учун 300 минг сўм маблағ, жами 2 млн 900 минг сўм ҳаражат кетади. 20 сотих ердан ўртача 12 тонна ҳосил олиниб, ушбу ҳосил 4 000 сўмдан сотилса, барча харажатлардан ташқари 19-20 млн сўм соф даромад олиш имконияти мавжуд.

Ушбу маҳаллада картошка етиштиришни қўлаб-қувватлаш ҳамда янада ривожлантириш мақсадида 20 та оиланинг 20 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган аъзосига картошка уруғларини сотиб олиш учун 14 млн. сўмдан имтиёзли шартлар асосида кредит маблағлари ажратиш белгиланди. Натижада биргина шу маҳалла мисолида 20 нафар ёшнинг бандлиги таъминланади ҳамда улар доимий даромад манбайига эга бўлишади.

Ёки туманнинг Қўнғирот маҳалласини мисол қиладиган бўлсак, маҳалла бугунги кунда кўчатчилик соҳасига ихтисослашган маҳаллалардан бири саналади. Ушбу маҳаллада бугунги кунда 632  та хонадон бўлиб, шундан 428 та хонадон 15-20 сотих мавжуд томорқа майдонида кўчат етиштириш билан шуғулланади. Маҳаллада томорқа ер майдонига асосан “Болгар қалампири”, “Памидор”, “Терак”, “Пиёз” каби кўчат навлари экилади. Сабзавот кўчатлари эрта баҳорда икки маротоба етиштирилади ва учинчи маротаба сабзовот экинлари экади. 1 сотих томорқа ер майдонидан 60 минг дона кўчат олинади.

Мисол учун маҳалладаги Дувлонов Тўлқин хонадонига назар ташлайдиган бўлсак, 8 сотих ер майдонида кўчат етиштириш учун 100 кг клёнкага 800 минг сўм, ўғит учун 145 минг сўм, ерни тайёрлаш ва бошқа ҳаражатлар учун 225 минг сўм, жами 1 200 минг сўм маблағ сарфланади. Бир мавсумда икки бор ҳосил олинадиган бўлса, соф даромад 15-16 млн сўмни ташкил этади.

Ушбу маҳаллада кўчат етиштиришни янада ривожлантириш мақсадида, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалардан 50 тасига 2 сотихли иссиқхона қуриб бериш белгиланган. Бунда иссиқхоналар учун 6.5 млн сўмлик субцидия ажратилса, қолган 6.5 сўми учун имтиёзли шартларда банк кредити расмийлаштирилади. Натижада маҳаллада 50 так янги иш ўринлари яратилади. Шунча оила доимий даромад манбайига эга бўлади.

Юқоридаги мисоллардан кўриш мумкинки, бир маҳалланинг ихтисослашуви иккинчисиникидан тубдан фарқ қилади. Шу боисдан маҳаллаларнинг ихтисослашуви, яъни аҳолининг йиллар давомида қандай фаолият тури билан шуғулланиб келганлиги ва қайси ҳунарнинг ҳадисини олганлигини англаш ва инобатга олиш, келгусида ушбу маҳаллалрнинг ўсиш нуқталарини белгилаш ва уни самарали амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM