ЧИН МУҲАББАТ ТИМСОЛИ

Она..! Миннатсиз меҳр соҳибаси. Онам – кўнглимни, дардимни сўзимсиз тушунадиган ягона инсон. Онажон! Сочларингизнинг оқида биз ухлатмаган тунлар, инжиқликларимизу хархашаларимиз билан тўла кунлар, мунис кўзларингизда олти фарзанд деб ўтган йиллар акси бор. Қўлларингизда бўртиб турган томирлар ҳар биримизни кўтариб, қўлдан туширмай катта қилганингиз натижаси...

Ҳаётимиз бошланмаси – Она! Ҳа, биз яшашни онамиз вужудида бошлаймиз: юрагининг остида юрагимиз ура бошлайди, озиқланамиз, ривожланамиз. Эҳтимол шу сабабдандир, ҳеч ким инсонни ўз онасичалик яхши тушунолмайди.

Биз оилада беш нафар қизмиз, олтинчимиз – укажоним. Аямни қиз узатиш ташвишлари билан юрганларини кўп кўрганларнинг «нечта қизингиз бор, бу нечанчиси» деб сўраганларига аям доим «бештагина қизим бор» деб кулиб жавоб берадилар. Бу жавобда шукроналикни ҳис қиламан.  Эсимда, 2006 йил катта опам университетга кирганини кечки пайт эшитдик. Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ эди. Ўша пайтлар қишлоғимизда қизларнинг ўқиши ҳозиргидай одатий ҳол эмасди. Аям «бошимиз омон бўлса, олтовингни ҳам ўқитамиз» дегандилар. Аям сўзларининг устидан чиқди. Бугун ҳаммамиз олий маълумотлимиз. Аммо, қиз бола бировники, деганлари рост: ҳаммамиз оилали бўлиб, турли жойларга тарқалдик. Онам, отам бетоб бўлганларида вақти бевақт бориб кўролмаймиз.  Ўзим иссиққина уйда иссиқ овқат қилиб ўтирарканман, дадамнинг печкага ўтин қалаётганию аямнинг ишдан шошиб келиб кечки овқатга уннаётганини тасаввур қиламан. Бўғзимга нимадир тиқилади...

Онам ҳеч биримизнинг ҳатто кичкинагина ташвишимизни ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Умр бўйи фақат болалари учун тинмай ишлади. Кўп қийналди. Аммо сира нолимайди, миннат қилмайди, эвазига нимадир кутмайди. Она бўлиб билдим онам қадрини, оналикнинг масъулиятини, машаққатини. Нима учундир онамни қучоқлаб, уни яхши кўришимни ҳеч қачон айтолмаганман. Тортинаманми, билмайман. Холбуки, буни жуда хоҳлайман. Аммо ҳар кун ҳақларига дуо қиламан. Аллоҳдан умрларини зиёда қилишини, келинлар тушириб, дадам билан меҳнатларининг роҳатини кўришларини сўрайман. Дунёдаги ҳамма оналар яхшидир, аммо мен учун онам бутун сайёрадаги Энг яхши Она! Унинг тоғдай матонати, осмонлардай кенг юраги ва чексиз муҳаббати бор.

Кўп яшанг, Онажон!!!

 

Убайдуллаева Умида,

УзМТДП "Аёллар каноти" фаоли

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM