Ёшлар ҳоким қабулига нима мақсадда келишди?

Пандемия даврида бир муддат ўтказилмай қолган туман ҳокими иштирокидаги сайёр учрашувларнинг мутазам фаолияти яна йўлга қўйилди. Хусусан, бугун, 26 август куни тумандаги “Мингчинор” маҳалласидаги 36 умумтаълим мактабида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Учрашувда ёшлар масаласига алоқадор ташкилот раҳбарлари, сектор аъзолари, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этишди.

Учрашув аввалида туман ҳокими бугунги пандемия даврида ёшлар масаласида амалга оширилаётган ишлар, келгуси режалар, хусусан, “Ёшлар дафтари” тўғрисида маълумот бериб ўтар экан, ёшлар, хотин-қизлар масалалари доим эътиборда эканлигини таъкидлади.

Қайд этиш керакки, учрашувда иштирок этган ёшлар турли мақсадда ташриф буюрган. Жумладан, “Ўроқли” маҳалласи фуқароси В.Саттаров иқтисодий имконияти етарли эканлигини билдириб, пиёдалар кутиш жойи ҳамда савдо дўкони, шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари фаолиятини йўлга қўйиш учун ер ажартиш масаласида мурожаат қилди. Мурожаат юзасидан пиёдалар кутиш жойи қуриш мумкин бўлган манзиллар тўғрисида фуқарога маълумот берилиши, маъқул бўлса ер ажратиш мумкинлиги, бошқа турдаги тадбиркорлик учун эса, аукцион савдолари орқали ер олиши мумкинлиги, бунда ҳеч қандай бюрократик тўсиқлар мавжуд эмаслиги маълум қилинди.

Учрашув давомида “Гулзор” маҳалласи фуқаоси Х.Эрназаров мурожаат қилиб, барча ҳужжатлари талаб даражасида бўлишига қарамасдан, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун “Агробанк” АТБ Булунғур филиалидан 2 йилдан буён кредит ололмаётганлигини маълум қилди. Туман ҳокими ушбу мурожаат юзасидан банк раҳбарияти билан боғланиб, масалага аниқлик киритилгач, икки соатда фуқарога қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.

Учрашувга ёшлар турли мақсадда ташриф буюрган дея таъкидлаганимиздек, баъзи ёшларнинг ҳеч қандай мурожаат, савол ёки таклифи йўқлиги, шунчаки, олинги учрашувлардаги мурожаатига мувофиқ амалий ёрдам кўрсатилганлиги учун туман ҳокимига миннаддорчилик билдириш мақсадида ташриф буюргани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, туман ҳокимининг маҳаллалардаги сайёр қабуллари билан бир қаторда “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари ҳам белгиланган режа асосида мутазам ўтказилиб борилади.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM