Булунғур туман халқ таълими бўлимига мудир тайинланди

Булунғур туман ҳокимлигида туман халқ таълими бўлими фаолияти, мактабларда таълим сифати ва самарадорлиги ошириш, пандемия даврида таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокими Баҳодир Баҳромов, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда халқ таълимини ривожлантириш, Президентимиз раҳнамолигида бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этишди. Бироқ Булунғур тумани халқ таълими бўлими мисолида эришилаётган натижалар ҳақида ижобий фикр билдириб бўлмаслигини алоҳида қайд этиб, ўтган йиллар давомида ОТМга аксарият мактаб битирувчиларининг бирортаси ўқишга кирмагани, фан олимпиадалари, билимлар беллашувлари ва бошқа танловлардаги иштироки бўйича салбий кўрсаткичларга тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, айни пайтда ота-оналардан олинаётган сўровномаларни шаффоф ва ҳаққоний ўтказиш, янги ўқув йилини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишдаги вазифалар ҳақида мактаб директорларига топшириқлар берилди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов Халқ таълими вазирининг 2020 йил 24 августдаги буйруғига асосан, Алиқулова Замира Болтабаевнанинг Булунғур туман халқ таълими бўлими мудири лавозимига тайинланганини эълон қилди. 

З.Алиқулова "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Булунғур туман бўлими раҳбари, тайинловга қадар туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида бош мутахассиси  вазифасида фаолият олиб борган.

Қарийб 2 йилдан буён туман халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажариб келган Суярқул Бердиқуловнинг меҳнати алоҳида эътироф этилиб, миннаддорчилик билдирилди.

Мактаб директорлари халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаевдан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM