МАҲАЛЛА НОМИ – ЖОЙ ҚИЁФАСИ

Бугун жамиятимизда ўқитувчиларнинг фаоллиги ҳам ҳар қачонгидан ортмоқда. Зеро, халқ таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарсини кўрсатмоқда. Ўқитувчиларимиз ҳам изланмоқда, ўз сўзини айтмоқда. Хусусан, “Булунғур ҳаёти” гезетасининг расмий веб-сайтида Булунғур туманидаги 13-умумтаълим мактабининг география фани ўқитувчиси Сафарали Жалиловнинг БУЛУНҒУРДА ШАМОЛ ЙЎҚМИ? (ёки жилон ўти шамолидан фойдаланишнинг географик асослари), “МАҲАЛЛА НОМИ – ЖОЙ ҚИЁФАСИ каби бир-биридан қизиқарли илмий изланишлари чоп этилиб келинмоқда.

 

Қуйида биз сизга ҳавола этаётган “МАҲАЛЛА НОМИ – ЖОЙ ҚИЁФАСИ номли мақолада Булунғур туманидаги 55 та маҳалла номининг маъноси, келиб чиқиши тарихига қисқача тўхталиб ўтилган.

 

Бугун Булунғур тумандаги 55 та маҳаллада 66 та умумтаълим мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Уларда бир-биридан салоҳиятли тарих, география фани ўқитувчилари фаолият юритмоқда. Ушбу ўқитувчиларимиз ҳам бўш вақтида ўзи истифомат қилаётган, фаолият юритаётган маҳалла тарихи (жой номи, маҳаллий аҳолининг келиб чиқиши...), географияси (табиати, иқлими...) борасида бироз илмий изланишлар олиб боришса, маълумотлар умумлаштирилиб, яхлит китоб ҳолида чоп этилса мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Шу ўринда таъкилаш керакки, туман ҳокимлиги бу борадаги ҳар қандай илмий изланишларни қўллаб-қувватлайди.

 

Маҳалла номи – жой қиёфаси

Булунғур тумани 1926 йил 29 сентябрда Самарқанд вилояти таркибида ташкил топган. Бугунги кунда майдони 760 квадрат километр, аҳолиси 180 минг киши бўлиб, маркази Булунғур шаҳридир. У Самарқанднинг шарқида, майдони бўйича вилоятда 5-ўринда туради. Ёки у майдони жиҳатидан жаҳондаги 235 мамалакатнинг 15 тасидан (масалан, Осиёдаги ривожланган Сингапур - 742 кв.км ва Баҳрейн - 620 кв.км) катта экан. Маъмурий жиҳатдан 55 та турли номлар билан  аталадиган маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ)дан иборат тарихий ва табиати ўзига хос ўлка.

 

Энди биз тумандаги ҳар бир маҳалла номи ва унинг қандай маънони билдиришига қисқача (алфавит тартибида) изоҳ бериб ўтамиз:

Авлиё Парпи – авлиё (арабча) - “бандалар ҳомийси”, Парпи авлиёнинг номи. Таржимаи ҳоли белгилик эмас.

Амир Темур - буюк бобомиз, саркарда ва шоҳ А.Темур номига қўйилган.

Бешкуби - халқ бешта куви деб изоҳлайди. С.Қораев (луғат, 26)нинг кўрсатишича Бешкуби - уруғ номи. Э.Мирзаев (очерки, 171)да “Бешкуби топоним (юнонча - жой, ном)даги  губи - қуруқ дашт, ҳар хил тепаликларга эга бўлган, тошлоқ, тупроқли жой”, дейди. Демак, беш эмас “пеш” бўлса, Бешкуби - “чўл олди” маъносини беради.

Бешқўтон - бу номнинг 5 та қўтондан иборатлигига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Аммо топонимдаги биринчи компонент (бўлак, бўғин) “беш” эмас, пеш - “олд” бўлиши мумкин ва иккинчи қўтон - майда моллар сақланадиган (боқиладиган) жой бўлиб, унда, Бешқўтон - “қўтон олди” ёки қўтоннинг кун чиқиш (шарқ) томонидаги жой маъносига тўғри келади.

Булунғур - бу номни М.Қошғарий (ДЛТ, 1, 38) булун - “тутқун”, гур - “сув” деб изоҳлаган. Лекин кейингилар ўз китобларида турлича изоҳлаб келади. Шулардан охиргиси “Булунғур – (бурятча) – “лойқа сув” деб изоҳлайди.

Булунғур ариқ - ҳақиқатда Булунғурдан сув олган ариқни ёки унинг давомини, тармоғини халқ шундай атаган бўлиши мумкин. Аммо Булунғурни (лойқа сув) “ариқ” дейиш, анча исбот талаб қиладиган иш. Чунки, уни кўплар турлича атаган. Масалан, уни дарёча, сой, канал,  ариқ деб атаганлар бор.

Бедана - бу ном шевадаги Бўдана билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо у форсча “пех - кенг, катта”, дана - “омбор, истеҳком, атрофи ўралган жой” маъносида келиб, “катта истеҳком, кенг омбор” маъносини англатади деган изоҳ ҳам бор.

Боғбон (форсча) - боғдорчилик билан шуғулланувчи ходим маъносини билдиради. У боғ ва ундаги мевали, мевасиз дарахтларга, ток (узум) ва гулларга қаровчи, уларни парвариш қилувчи киши.

Деҳқонобод (форсча) - З.Дўсимов ва Х.Эгамовлар (Жой номларининг қисқача изоҳли луғати, Т., 1977, 51)да “деҳқон” сўзи Ўрта Осиё ва Эронда қадимдан маълум, у деҳ - “қишлоқ”, қон (ҳоқон) - “ҳокими” маъносини англатади. Бу ердаги обод - ўзлаштирилган жой маъносини беради.

Дўстлик - ижтимой ўзаро ҳурмат, манфаатлар умумийлиги, бир-бирини яхши тушунишга айтилади. Кўпчиллик ҳолларда икки киши ва кўп миллат вакиллари тинч-тотув яшаётган жойларга шундай ном берилади.

Элобод - аслида эли гуллаб-яшнаётган юрт маъносида келади. Аммо бу ердаги эл (туркманча) “ал” уруғи билан алоқаси бўлса, обод - қишлоқ маъносида ва улар бир ҳолда “туркман қишлоғи” маъносини билдиради.

Эрганакли - С.Қораев (Географик номлар маъноси, Т., 1978, 159)да эрганак (эрганакли) - этноним (халқ номи). Эрганак сўзининг маъноси - “катак” демакдир, деб изоҳлаган. Демак, эрганакли - катакли халқ.

Эсонтурди - бир умр Булунғур тумани раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилган Нормамат Эсонтурдиев номига қўйилган бўлиши мумкин.

Гулистон - гуллаб-яшнаган  юрт. Гуллар ўлкаси деб ҳам изоҳлаш мумкин.

Гулобод - гуллар қишлоғи, гуллаб-яшнаётган қишлоқ дейилади. Агар бу ердаги гул - “гил” бўлмаса. Чунки, гил - соз тупроқ бўлиши мумкин.

Гулзор - чечакзор, турли-туман гул-чечаклар етиштириладиган жой.

Исори Ўроқли - бу номдаги сори - “бош”, ўроқли – “ғаллакор” сўзларидан иборат бўлиб, “бош ғаллакор, кўп дон етиштирувчи” маъноларига тўғри келади. Фақат исори-“сариқ”  бўлмаса.

Истиқлол ( арабча) - мустақиллик.

Каптархона - С.Қораев (Географик номлар маъноси, Т., 1978, 64)да илгари хонларнинг каптар боқиладиган жойлари бўлган ва уларга каптарбоқарлар қараб турган. Бундан ташқари қадимий эътиқодга кўра парилар - каптарлар кўринишда тасаввур қилинган, дев - пари, кўринадиган жой каптархона деб аталган бўлиши мумкин.

Каттақишлоқ (бу ном билан иккита маҳалла аталган) - атрофи девор  билан ўралган шаҳардан кичикроқ қўрғонга айтилади.

Килдон (туркийча) – кил (татарча) - “гил” (соз тупроқ, лойқа), дон - “дарё, омбор, кон” маъноларида келади. Демак, килдон - “гилкон” маъносини беради. Худди З.М.Бобур, Бобурнома (Т., 1989, 46)да “Конигил”га берган изоҳи сингари.

Кичик Килдон - Килдондан шимолдаги, пастки, қуйидаги жой маъноларида келади.

Лалмикор - адир, тоғ этаклари ҳамда тоғли текисликларда суғорилмасдан (баҳорикор) деҳқончилик маъносига тўғри келади. Шунинг учун бундай ерларни лалми ер ва деҳқонларини лалмикор дейишади.

Меҳржон - кузги тенг кунлик (23 сентябр)да Ўрта Осиё халқларининг пишиқчилик ва ҳосил байрамларини нишонлаб ўтказиладиган сайлларига айтилади. Масалан, қовун, қовоқ, узум,... сайиллар шулар жумласидандир.

Мингчинор - Ҳ.Ҳасанов (Ўрта Осиё жой номлари тарихидан, Т., 1965, 31)да “Ўрта Осиёдаги туркий номдаги кўплик талаб қилинса “лар” ўрнига (сўз олдига) минг, юз, қирқ сонлари қўйилиб ишлатади” деган эди. Демак, мингчинор - чинорлар кўп ўсадиган жой маъносини билдиради.

Мингтепа - тепалар кўп бўлган жой. Ҳудди мингчинор сингари.

Мирзаариқ - бу ерда мирзо (арабча) - амирзода, ариқ, сув оқадиган йўл сўзларидан иборат бўлиб, қачон ва қайси Темурийлар қаздиргани номаълум канал.

Навбаҳор (форсча) – эрта кўклам маъносини билдиради. Яна В.В.Бартольднинг фикрича бу ном Навбаҳор - янги ибодатҳона деган маънолари ҳам бор дейилади. Чунки, илк ўрта асрларда Бухоро ва Балҳда Невбеҳар деган ибодатҳона, Бухоро ва Самарқандда Навбаҳор дегна дарвозалар бўлган экан.

Небўса - С.Қораев (Географик номлар маъноси, Т., 1978, 84)да уруғ тармоғи деб изоҳланади. Небўса сўзи эса не - “нима”, бўса-“бўлса” деб тушуниш керак.

Ниёзмат - (араб ва туркийча) – ниёз (арабча) - “эҳтиёж”, мат (туркийча) - “одамлар, кишилар деб изоҳлаш мумкин. Ниёзмат сўзининг Кайковус “Қобуснома”сида (Т., 2011, 191) бошқача изоҳи ҳам бор. Ерли аҳоли ўзларини Ниёзмат уруғидан тараганлар деб ҳисоблайди.

Нурли йўл - келажаги порлоқ манзилларга элтувчи йўл.

Олмазор - олма боғлари кўп бўлган жой.

Оқтепа - маҳаллий халқ шевасида оқтўба деб аталадиган бу тепа оқ эмас. Лекин қадимий туркий сўзлардаги “оқ” - катта маъносида ҳам келар экан. Демак, Оқтепа-катта, баланд маъносида бўлиши мумкин. Яна Оқтепанинг “ўсимликсиз тепа” деган изоҳи ҳам бор.

Оқтош (тоғликлар тилида) - тоғ чўққиси, айрим қоя ёки катта тоғнинг бир қисми тушунилади. Яна улар ён атрофдаги айрим чўққи, қоя, ён бағир, сойлик номини яхши билган ҳолда тоғ сўзи ўрнига кўпроқ тош сўзини ишлатади. Баъзан Оқтош деб тошнинг ёки тоғнинг ташқи кўринишидаги рангига қараб атаган бўлиши ҳам мумкин.

Қирқшоди – қирқлар - 92 ўзбек қавмлари таркибига кирувчи қабила, шоди - шоту (нарвон), арава шотиси ёки қирқларнинг бир тармоғи бўлиши мумкин.

Қўнғирот - С.Қораев (Географик номлар маъноси, Т., 1978, 185)да Қўнғирот-ўзбеклар, қозоқлар ва бошқа туркий халқлар таркибига кирган йирик қабилалардан бири,  деб изоҳлайди.

Самарқанд - Ўрта Осиёдаги энг қадимий шаҳар. Самарқандни М.Қошғарий (ДЛТ, 1, 330) да семиз - бой, кант – шаҳар, деб изоҳлаган. Уни Бобур ҳам шундай изоҳлайди.

Сарқипчоқ - маҳаллий бир-иккитаси илгари Сарпичоқ номини минг даво билан Сарқипчоққа айлантирибди. Бу ерда сар (арабча) - “бош”, қипчоқ - “қобиқ” сўзидан олинган. Қобиқ бир дарахтнинг номидир. Бу номни Ўғизхон қўйган (М.Улуғбек, Тўрт улус тарихи, Т., 1994, 50) деб ёзилган.

Сайилтепа - (арабча ва туркийча) – сайл (арабча) - “байрам”, тепа - “усти текис баланд жой”. Демак, Сайилтепа - турли байрамлар ўтказиладиган жой маъносини беради.

Саҳоват - бу ҳар бир одамнинг мусофирларни сийлаши, камбағал, ғарибларга ёрдам беришини шарафли бурч, одамийлик сифати деб қарашдир. Бу Ўрта Осиёда X асргача энг буюк даражага эришган эди.

Соҳибкор - (араб, форсча) - асосан узум (токчилик) етиштирувчи боғбонга айтилади.

Сулувқўрғон – сулув - чиройли, гўзал, қўрғон - атрофи деворлар билан ўралган қишлоқ. Демак, Сулувқўрғон - чиройли қишлоқ, деган маънони беради.

Улуғбек - исмнинг маъноси - Каттабек. У ҳақиқатда А.Темурнинг биринчи набираси, Шоҳруҳнинг тўнғич ўғли бўлгани учун саройдаги барчалар эркалатиб шундай атаган ва бу кейинчалик Муҳаммад Тарағайнинг исми бўлиб қолган.

Ҳўжабачча (араб, форсча) – ҳўжа (арабча) - саййидлардан кейинги табақа, бачча (форсча) - бола маъносидан иборат. Демак, Ҳўжабачча - ҳўжа боласи деган маънони билдиради.

Ҳўжамазгил (арабча) - ҳўжалар яшайдиган жой дегани экан.

Янгиариқ - кишилар томонидан сув олиш мақсадида қазилган сув йўлига айтилади. В.Бартольд фикрича “Темурийлар даврида қазилган Аббос Баҳодир номли канал янги ариқ деб аталган” дейди.

Янгиобод - янги қишлоқ, янги ўзлаштирилган жой. Уларни эскисидан фарқ қилиш учун шундай аталган.

Янгиқўрғон - янги каттақишлоқ.

Зарафшон (тожикча) - зар-олтин, афшон - сочувчи маъносини англатади.

Ўроқли - уруғ номи. Ўроқ тамғали кишилар уруғи тушунилади ёки ғаллакордир.

Чангал - уруғ номи. Одам ва ҳайвонлар ўтиши қийин бўлган бутазорга айтилади.

Чорбоғ - (тожик, ўзбекча) – чор - “тўрт”, боғ - “мевазор” бўлади. Лекин кўпинча Чорбоғ - ҳамма томони ток мевали боғ ва полиз билан ўралган пайкалларга айтилади.

Чўянтепа – чўян - тозаланмаган темир, тепа - баланд жой маъносини билдиради. Илгари бу тепаликда деҳқончилик учун зарур иш қуроллари ясайдиган темирчилик устаҳонаси бўлиб, чўян қуйиш ишлари бажарилган бўлиши мумкин.

Ғўбдин (тоғ) - Абу Тоҳирҳўжа (Самария, Т., 1994, 20)да “Бу жой Ҳўбдин аталади (шу муносабат биланким) ислом дини тарқалаётганда бу тоғ эли ўз майиллари билан мусулмон бўлганлар” деб изоҳлайди. Демак, бу ном шундан қолган.

Бунда мен ўз фикримни айтдим. Кимда-ки турли ривоятлардан холи, илмий асосланган изоҳлар бўлса уни ўзгартириши мумкин.

                                       Сафарали ЖАЛИЛОВ, 

13-умумтаълим мактабининг география фани ўқитувчиси.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM