Депутат таклиф билан чиқди: Синфларда ўқувчилар сонини қайта кўриб чиқиш вақти келди!

Бутун дунёда коронавирус пандемиясининг тарқалиши эндиликда инсонлар ўртасида ўзаро ижтимоий масофа тушунчаси муҳим аҳамият касб этишини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Президентимиз Ш.Мирзиёев 30 апрел куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳам алоҳида тўхталиб ўтган эди. Президентимиз ўз нутқида карантин туфайли ижтимоий масофа тушунчаси ҳаётимиздан муҳим ўрин эгаллаганлиги, шундан келиб чиқиб, таълим муассасаларида, айниқса, мактабларда, меъёрларни қайта кўриб чиқиш заруриятини таъкидлаганди.

 

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Республикамиз мактабларида битта синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги белгиланган. Aммо айрим мактабларда ўқувчилар сони 40-45 нафаргача етаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ота-оналарнинг айнан шу мактабда яхши ўқитувчилар бор ва яхши таълим берилади, деган фикрлари айрим мактабларда ўқувчилар сонининг меъёридан ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Хўш, сифатли таълим учун синфда ўқувчилар сони аслида қанча бўлиши керак? Бу ҳақда мутахассисларнинг фикри қандай? Дунёда таълим тизими ривожланган дея эътироф этиладиган давлатларда битта синфда қанча ўқувчи ўқийди? Синфларда ўқувчилар сонининг қисқартирилиши таълим сифатига қанчалик ижобий таъсир ўтказади?

 

Психологларнинг фикрига кўра, киши бир вақтнинг ўзида максимум 7 та объектни қамраб олиши мумкин экан. Бу дегани, ўқитувчи бир пайтнинг ўзида 7 нафар болага чин маънода эътибор қарата олади. Шу сабабдан улар синфларда ўқувчилар сони узоғи билан 25 нафардан ошмаслиги кераклигини айтишади.

 

Интернет орқали Финляндия, AҚШ, Канада, Сингапур каби бир нечта таълим тизими ривожланган давлатларнинг мактаб таълими ҳақида маълумот тўпладим, мактаблардаги ўқув жараёни ҳақида видеороликларни кўриб чиқдим. Жаҳон таълим тизими рейтингида етакчи ўринларда турадиган Финляндия мактабларида 25 нафар ўқувчига фанни иккита ўқитувчи бўлиб ўтар экан. Бу ердаги давлат мактабларида ҳаттоки, ҳар бир ўқувчи учун индивидуал таълим ва ривожланиш режаси тузилади. AҚШ ва Канада мактабларида ҳам битта синфда ўқувчилар сони ўртача 15-20 нафарни ташкил қилади. Таълим тизими дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этиладиган Сингапур мактабларида ҳам бир синфда ўртача 20 нафар ўқувчи таҳсил олар экан. Бизда эса айрим мактабларда битта синфда 40 талаб ўқувчи таҳсил олмоқда.

 

Aйрим мактабларда ўқувчилар сони синфда ўқув жараёни сифатининг кескин пасайишига олиб келадиган даражада ошиб кетганлиги 2019 йилнинг 29 апрел куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида ҳам келтириб ўтилган эди. Шунингдек, консепсияда бу борада ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш белгиланди.

 

Синфларда ўқувчилар сони қисқартирилиши келгусида ўқитиш самарадорлигини оширади. Шунингдек, ўқитувчилар иқтидорли, истеъдодли ҳамда айрим фанларни ўзлаштириши қийин бўлган ўқувчилар билан индивидуал ишлаш даражасини кўтаради.

 

Шаҳзод AҲМЕДОВ,

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ўқитувчиси, халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгаши депутати.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM