Ёлғон маълумот тарқатган фуқаро маст бўлганлигини тан олди.

Жорий йилнинг 23 апрель куни ижтимоий тармоқларда Булунғур тумани “Хўжамазгил” маҳалласида маиший газ баллонлари ҳамда арзонлаштирилган ун тарқатилиши жараёни видеолавҳаси тарқалди.

 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирлар юзасидан жорий йил 23 апрель куни “Хўжамазгил” маҳалласи биносида маҳалла масъуллари, маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Маҳалла фуқаролари участка профилактика нозирининг огоҳлантиришига қарамасдан ҳақиқатдан ҳам аҳолининг кўп тўпланганлигини, бироқ ун ва маиший газ баллонлари тарқатилишида қонун бузилиши ҳолатлари содир бўлмаганлигини маълум қилишди.

 

Ўрганишлар давомида Булунғур тумани “Хўжамазгил” маҳалласи фуқароси А.Қ.М. ҳақиқатдан ҳам 2020 йил 17-20 апрель куни махаллада тарқатилган суйилтирилган газ баллони ва арзонлаштирилган ун маҳсулотлари тарқатилиш жараёнини шахсий телефонига видео тасвирга олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатганлигини тан олди.

Фуқарога бугунги коронавирус пандемияси даврида ёлғон маълумот тарқатиб, аҳоли ўртасида ваҳима келтириб чиқаришга уринганлиги сабабли қонун бузилишига йўл қўйганлиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Булунғур тумани ИИБ томонидан суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

 

Маълумот учун, карантин даврида маҳалла аҳлининг узоғини яқин қилиш мақсадида туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ИЖҚКДнинг туман бўлими томонидан бугунги кунга қадар ушбу маҳаллада 3 марта кўчма савдо ярмаркалари ўтказилиб, ун ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар етказиб берилган.

Юзага келаётган вазиятни инобатга олиб, келгусида ун ва маиший газ баллонларини ҳам ҳар бир фуқаронинг яшаш манзилига маҳалла масъул вакили иштирокида олиб борилиши амалиёти йўлга қўйилиши режалаштирилди.

 

ИЖҚКД Булунғур туман бўлими

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM