Қаловини топсанг қор ҳам ёнар!

Халқимизда “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни”, деган нақл бор. Бизнинг Булунғур тумани аҳолиси азалдан меҳнаткаш ва тадбирли халқ.

 

8 апрел куни юртимизга совуқ ҳаво оқими кириб келди ва кучли қор ёғди. Бу ёғингарчилик, ҳеч шубҳасиз деҳқончилик ва боғдорчиликка катта зарар еткизди. Аммо кўпни кўрган, тадбирли кишилар бунинг ҳам чорасини кўриб қўйишган эди. Бугун, 10 апрел куни Булунғур тумани ҳокими Баходир Бахрамов тумандаги “Ниёзмат” маҳалласида бўлиб, маҳаллий деҳқонлар тажрибаси билан яқиндан танишди. Гап шундаки, ушбу маҳалладаги ерларнинг қарийб 80 фоизига деҳқончилик маҳсулотлари аллақачон экиб бўлинган эди. Ишнинг кўзини билган, тажрибали деҳқонлар совуқ ҳаво оқими кириб келишини олдиндан инобатга олган ва катта-катта майдонлардаги деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда мевали даратларини совуқдан ҳимоя қилиш ва ҳосилни нобуд бўлишдан асраш мақсадида клёнкалар билан устини ёпиб, атрофини ўраб чиқишган эди. Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу маҳсулотларга табиат инжиқлиги ўз таъсирини асло ўтказа олмади.

 

Шу ўринда таъкидлаш керакки, 8 апрел куни Президентимиз томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида ўтказилган видеоселектр йиғилишида бугунги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлишини белгилаб берганди. “Об-ҳавонинг ноқулай келганлиги сабабли”, дея гап бошлайдиган айрим маҳаллааримиз бу каби тадбиркор деҳқонлардан ўрнак олса, бугунги кун талабига мос равишда ҳаракат қилса, нур устига нур бўларди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM