Мажбурий аъзолик – қонунга зид! (Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар қанчалик тўғри?)

Жорий йилнинг 27 феврал куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Булунғур туман халқ таълими бўлими ўқитувчиларни турли ташкилотларга аъзо қилдириш эвазига уларнинг ойлик иш ҳақидан қўшимча бадаллар олиб қолишаётганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалди.

 

1999 йилда ташкил қилинган Ўзбекистон «Маърифатпарварлар» жамияти Самарқанд вилоят Булунғур туман бўлими 2015 йил 19 мартда қайта рўйхатдан ўтган ва тасдиқланган Низомининг 4.3. бандида жамиятга аъзоликка қабул қилиш аъзоликка қабул қилинувчининг шахсий аризасига мувофиқ амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган. Ушбу Низомнинг 6.2. бандида аъзо бўлган ходимнинг иш ҳақидан ҳар ойда 1% аъзолик бадали ушланиши белгиланган.

2014 йилда рўйхатдан ўтказилган халқ таълими “Фахрийлар” уюшмасининг Булунғур туман бўлими Низомининг 3.5 бандига мувофиқ уюшма аъзолари йилига бир марта ўртача ойлик маоши ёки пенсиясининг икки фоизи миқдорида аъзолик бадали тўлайдилар. Бунда ҳам, фақатгина шахсий ариза билан аъзоликка қабул қилинади!

 

Жамиятга келиб тушган аъзолик бадаллари Маърифий-маънавий мақсадларда ўтказиладиган тадбирларга, таълим муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, таълим-тарбия маърифат масканларида самарали фаолият кўрсатаётган илғор тажрибали мутахассислар иш тажрибаларини оммалаштириш ва уларни рағбатлантиришга, нафақадаги педагогларнинг холидан хабар олиш ва соғлиқларини тиклашлари учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар ажратишга йўналтирилиши белгиланган.

Юқоридаги имтиёзлардан фойдаланишни истаган педагоглар ўз аъризаларига кўра мазкур жамиятларга аъзо бўлишлари мумкин.

 

Туман халқ таълими бўлимининг маълум қилишича, ҳозирги кунда “Фахрийлар” уюшмаси ва “Маърифатпарварлар” жамиятга педагоглар мажбурий равишда аъзоликка қабул қилинмаган ва аъзолик бадаллари йиғилмаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлар ариза ёзиш намунаси учун келтирилган.

Ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақларидан мажбурий ҳар хил йиғимлар учун талаб қилинмаслиги назоратга олинган.

Туман Халқ таълими берган маълумотга қарамасдан, туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ушбу масалани батафсил ўрганиш мақсадида анонимликни сақлаш шарти билан ўқитувчилар ўртасида сўровномалар ўтказилди. Турли таълим муассасаларидаги ўқитувчилар билан суҳбатлар уюштирилди. Бироқ, юқоридаги иддаолар ўз тақдиғини топмади.

Ҳақиқатдан ҳам, аввало ушбу хабарга илова қилинган суратдан кўриш мумкинки аризада “январ” ойи турибди ва бу шунчаки ариза ёзиш истагида бўлган педагоглар учун наъмуна. Ушбу масалада холисликни сақлаган ҳолда шуни маълум қиламизки, юқорида келтирилган жамиятларни тарғибот қилиш, имконият ва имтиёзлари тўғрисида ўқитувчиларга тушунчалар бериш масаласи кўтарилган бўлса, қайсидир мактаб раҳбарияти ўз жамоасига масалани тўғри тушунтирмасдан, буйруқ оҳангида сўраган бўлиши ҳам мумкин. Аммо, бу ўз тасдиғини топгани йўқ...

 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, юқоридаги жамиятларга мажбурий тарзда аъзолик ташкил қилинмайди ва бу қонунга зид. Шундай экан, бу каби ҳолатлар қайсидир таълим муассасасида кузатилса, туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамкорлик қилишга ва масалани қонуний тартибда кўриб чиқиш чораларини кўришга доим тайёр. Биз билан алоқа учун: @Bulungur_press

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM