Кичик саноат зонасидаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Тўлиқ ишга тушмаган тадбиркорлик субъектларидан ҳеч ким маҳсулот талаб қилган эмас.

“Зарафшон” газетасининг жорий йил 15 февралдаги 20-сонида “Кичик саноат зонасида шароит йўқ. Тадбиркордан маҳсулот талаб қилиш ўринлими?” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Мақола муаллифи вилоятимиздаги кичик саноат зоналари ҳақида сўз юритар экан, масалани Булунғур тумани мисолида таҳлил қилади.

Аввало, мақоланинг номланиши эътиборимизни тортди. Сарлавҳада “Тадбиркордан маҳсулот талаб қилиш ўринлими?”, дея алоҳида таъкидланган бўлса-да, асосий матнда бунга алоқадор бирор жумлага кўзингиз тушмайди. Аслида ҳам ҳали тўлиқ ишга тушмаган тадбиркорлик субъектларидан ҳеч ким маҳсулот талаб қилган эмас.

  Булунғур туманидаги “Килдон” кичик саноат зонаси 2018 йил 16 мартда қабул қилинган “Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра ташкил этилган. Ҳужжатнинг 2-иловаси билан “2018 йилда Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарининг муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини қайта тиклаш ишларининг мазилли рўйхати” тасдиқланган. Яъни, давлат раҳбари қарори билан (мақолада келтирилганидек, туман ҳокими қарори асосида эмас) 1 км масофага 10 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоғини қуриш ва қуввати 250 кВА бўлган 1 дона трансформатор ўрнатиш, 1 дона сув иншооти ва 1,3 километр масофага сув ўтказиш тармоғини қуриш, ҳудудга кириш йўлининг 0,5 километр қисмини таъмирлаш белгиланган.

Бироқ, амалда лойиҳада кўрсатилган 250 кВтли трансформатор ўрнига “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан 160 кВтли трансформатор ўрнатилган. Жорий йил 13 феврал куни вилоят кичик саноат зоналари дирекцияси масъуллари туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Д.Шакарбоев иштирокида ҳудудда лойиҳа ташаббускорлари билан мулоқот ўтказди. Учрашув давомида ушбу масала юзасидан берилган саволга “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ вакили электр узатиш ҳаво тармоғини қуриш лойиҳа сметага киритилмаганлигини, 160 кВтли трансформатор эса келгусида 250 кВтли трансформаторга алмаштириб берилишини маълум қилди.

Кичик саноат зонаси ҳудудида 1 дона сув иншооти ўрнатилган, бироқ 1,3 километр масофага сув ўтказиш тармоғи тортилмаган эди. Вилоят ҳокимининг топшириғига кўра келган ишчи гуруҳ ташрифидан кейин, 14 феврал куниёқ (мақола эълон қилинишидан бир кун олдин) сув тармоғини тортиш ишлари бошлаб юборилган эди.

Шунингдек, мақолада туман иқтисодиёт ва саноат бўлими бошлиғи А.Пўлатов тилидан кичик саноат зонасида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳаларининг йўқлиги боис ҳудуддаги 4,1 гектар майдон бўш қолаётгани айтилади.

А.Пўлатов журналист билан суҳбат давомида бу мазмунда маълумот бермаганлигини таъкидламоқда. Чунончи, асл ҳолат ҳам бироз бошқачароқ. Яъни, бугунги кунда кичик саноат зонаси ҳудудида ўз лойиҳаларини амалга ошираётган “Колибри” МЧЖ ҳамда “Хумоюн Жахонгир мед фарм” МЧЖ томонидан 1,4 гектар майдондаги 3 800.0 минг долларлик лойиҳалар ишга туширилгач, келгусида, босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган қўшимча лойиҳалари мавжуд. Хусусан, “Колибри” МЧЖ 3 йил давомида 2,5 миллион АҚШ доллар миқдорида инвестиция киритиш эвазига яна 1 гектарга яқин ер майдонида фаолиятини кенгайтириш мақсадида. Маълумот учун, “Колибри” МЧЖ резина шиналарни қайта ишлаш ва каучик резина плиткалар ишлаб чиқариш лойиҳасини яъни, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Бундан ташқари, кичик саноат зонаси ҳудудидаги қолган бўш майдонларга ҳам истиқболли лойиҳаларни жалб этиш чоралари кўрилмоқда.

Мақола давомида муаллиф тадбиркорларнинг фикрларидан ҳам айрим парчалар келтиради. Жумладан, "Shohjahon J.S.D." Ф/Х 200 миллион сўм ўз маблағи ҳисобидан бино қурганлиги келтирилган. Ваҳоланки, лойиҳа ташаббускори “Килдон” кичик саноат зонаси ҳудудидан тайёр бино олмаётганлиги, бинони ўз маблағи эвазига қуриши лозимлиги олдиндан маълум эди.

 

Кўриниб турганидек, муаммолар йўқ эмас. Аммо, улар мақолада кўрсатилганидек оддий эмас. Туман ваколатидан ташқари, вилоят даражасидаги ташкилотларнинг ҳиссаси, объектив сабаблар ҳам бор. Мухбир мақолани тайёрлаш жараёнида шу каби жиҳатларни ҳам умумлаштирса, мақсадга мувофиқ бўларди. Олайлик, коммуникация тармоқлари билан боғлиқ муаммо устига қурилган мақолада коммунал хизмат кўрсатишга ихтисослашган вилоят бошқармасидан бирорта фикр олинмаган. Бизнингча, ҳар қандай журналист маълум бир муаммони кенг жамоатчилик эътиборига олиб чиқар экан, ҳиссиётга берилмаслиги лозим, барча томонларни тинглаган ҳолда, холисона ёндашса, масаланинг туб моҳиятини очиб берса мақсадга мувофиқ бўлади.

Булунғур туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM