Булунғурда илк бор “Ҳарбий парад”!

Бугун, 12 январь куни ҳаво совуқ, қолаверса дам олиш куни эканлигига қарамасдан эрта тонгдан тумандаги жамики корхона ва ташкилотлар вакиллари, кенг жамоатчилик туман марказига жам бўлишди. Сабаби, 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ўтказилаётган “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” доирасида туманимизда илк бор “Ҳарбий парад” бўлиб ўтди.

 

Ҳарбий парадда Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармаси, Марказий ҳарбий округ Самарқанд вилояти ҳарбий оркестри, туманимиздаги алоқа ва чегара ҳарбий қисмлари, туман мудофаа бўлими, туман ИИБ, МК “Ватанпарвар” ташкилоти Булунғур тумани ўқув спорт техника клуби ўз шахсий таркиби билан иштирок этишди. Шунингдек, ҳарбий парадда тумандаги ҳарбий қисмлар ва Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармаси ўз ҳарбий техникалари билан иштирок этишди, ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди.

 

Ҳарбий параддан сўнг, туман ҳокими Б.Бахрамов “Хотира ҳиёбони”даги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиб, таъзим базо келтирди.

 

Йиғилганларга “Хотира ҳиёбони” ва “Фозил Йўлдош ҳиёбони” бир-бирига туташган ҳудудда концерт дастури намойиш этилди. Унда туман ҳокими Б.Бахрамов сўзга чиқиб, барчани яқинлашиб келаётган байрам муносабати билан муборакбод этди.

 

Сўнгра ҳарбийлар томонидан кўргазмали жанг саньати томошалари намойиш этилди. Туман маданият уйи томонидан ижро этилган шўх куй ва қўшиқлар барчани рақсга чорлади.

 

Таъкидлаш керакки, Булунғур туманида илк бор ўтказилган ушбу ҳарбий парад, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, кенг турдаги ҳарбий қурол-яроғлар кўргазмаси 7 ёшдан 70 ёшгача, барчада катта таассурот қолдирди.

 

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM