Тошкент метрополитенида юз берган фожеа ҳақида...

Кеча, 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида фожеа юз берди. UzReport TV тарқатган маълумотларга кўра фожеага муттасил ёғган ёмғирлар сабаб бўлганлиги таъкидланмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини жойида ўрганиш, зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилди.

 

ФВВ хабарига кўра, воқеа жойида олиб борилган тезкор қидирув-қутқарув ишлари натижасида кеча ва бугун 6 нафар фуқаронинг жасади тупроқ остидан олиб чиқилди ва уларнинг шахсига аниқлик киритилди. Уларнинг 2 нафари Самарқандлик (Оқдарё ва Паст Дарғом туманларидан) эканлиги маълум бўлди.

 

Ҳукумат комиссияси қарори билан ҳалок бўлганлар оилаларининг ҳар бирига 100 млн сўмдан маблағ ажратилган ва берилганлиги айтилмоқда. Уларнинг дафн маросимларини уюштиришга ҳар томонлама кўмак бериш топширилган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура жиноий иш очган. Ҳодиса юзасидан ЖКнинг 257-(Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 258-(Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

“Фаолкат қош билан қовоқ орасида” дейишади. Нима бўлганда ҳам энди вафот этганларни ортга қайтариб бўлмайди. Ушбу мудҳиш ҳодисадан кўпчилик қатори биз ҳам чуқур қайғудамиз.

 

Булунғур тумани ҳокимлиги ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига, уларнинг ота-оналарига сабр тилаб, ҳамдардлик билдиради.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM