“Ишонч” газетасидаги мақола қанчалик ишончли?

“Ишонч” газетасининг 2019 йил 30 ноябрдаги нашрга чиққан сонида “СУВСИЗ ҚАҲРАТОН. Қиров босган қишлоқларни оралаб...” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада Самарқанд вилояти Булунғур тумани “Эсонтурди” ҳамда “Каттақишлоқ 1” маҳаллалари хусусида сўз юритилган бўлиб, муаллиф томонидан бир қатор камчиликлар келтириб ўтилган...

 

Мазкур мақола “Каттақишлоқ 1” маҳалласидаги “хонадонларнинг эллик фоизга яқини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланган”лиги билан бошланади. Мақола муаллифи Нурилла ШАМСИЕВнинг вазиятни чуқурроқ ўрганиб, таҳлил қилмаганлигини ушбу умумий, мавҳум сўзлариданоқ пайқаш мумкин.

Ҳудудгаз Самарқанд МЧЖнинг Булунғур туман филиалининг маълум қилишича, филиал томонидан туманда 25.210 та хўжалик рўйхатга олинган бўлиб, уларга жами 27.636 дона маиший газ баллонлари ижарага берилган. Жумладан, “Каттақишлоқ 1” маҳалласида 547 та хонадон рўйхатга олинган бўлиб, аҳолига 362 та газ баллон тарқатилган. “Эсонтурди” маҳалласида эса 646 та хонадон рзйхатга олинган бўлиб, 434 та газ баллони тарқатилган. Ушбу рақамлардан аниқланадики, “Каттақишлоқ 1” маҳалласининг 66.2 % аҳолиси, “Эсонтурди” маҳалласининг 67.2 % аҳолиси суюлтирилган газ баллонлари билан қамраб олинган. Газ баллонлари маҳаллаларга график асосида, 45-50 кун ичида етказиб берилмоқда. Филиал раҳбари С.Холиқовнинг маълум қилишича, ҳисоб-китобларга қараганда 400 та хўжалик истиқомат қилувчи битта маҳҳаллага мингтадан ортиқ маиший газ баллонлари етказиб берилиши каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бунга сабаб аҳоли қўлида сотиб олинган ва филиал томонидан рўйхатга олинмаган баллонлар ҳам талайгина. Келгусида бу каби ноқонуний ҳолатларга қарши курашиш ва шу орқали етказиб бериш муддатини янада қисқартириш, шунингдек, қўлдан-қўлга ўтишида нархларнинг сунъий равишда ошишининг олдини олиш мақсадида баллонларни филиал ходимлари томонидан уйма-уй тарқатиш амалиётини қўллаш режалаштирилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, туманда 25.210 та хўжалик рўйхатга олинганлиги ва уларга жами 27.636 дона маиший газ баллонлари ижарага берилганлиги аҳолининг маиший газ баллонлари билан тўлиқ қамраб олинганлигини англатмайди.

Таъкидлаш керакки, тумандаги бошқа маҳаллалар қатори “Каттақишлоқ 1” ва “Эсонтурди” маҳаллалари аҳолиси томонидан билдирилган талаб ва таклифлар ҳам рўйхатга олинган. Тегишли газ баллонлари ажратилиши билан аҳолига етказиб берилади.

Шунингдек, мақола давомида “Эсонтурди” маҳалласидаги сув муаммоси хусусида сўз юритилган. Маҳалла раиси Б.Эргашевнинг сўзларига кўра маҳаллада 6 та сув иншооти мавжуд. Аммо 100 га яқин янги ташкил бўлган хўжаликлар ушбу сув иншоотларидан узоқроқ масофада жойлашган. Маҳалла аҳолиси бу борада туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилган. Уларнинг мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда янги сув иншооти қурилиши бўйича Давлат дастурига таклиф киритилган. Таклиф тасдиқланиб, зарурий маблағ ажратилиши билан маҳаллада яна битта сув иншооти қурилиши бошлаб юборилади. Туман “Сувоқова” ишлаб чиқариш корхонасининг Дастур амалга ошгунига қадар ушбу аҳолига зарурий ичимлик сувни махус транспорт воситаси орқали график асосида доимий етказиб бериш тўғрисидаги таклифи аҳоли томонидан рад этилмоқда.

Туман “Сувоқова” ишлаб чиқариш корхонаси мутахассиси А.Кулиевнинг сўзларига кўра тизимда янги “Billing” дастури асосида сув истеъмолчилари рўйхати шакллантирилмоқда. Ушбу дастурга кўра қишлоқ жойларда ҳам истеъмолчилар фақат электр энергияси учун эмас, ишлатилган сув сарфига қараб ичимлик суви учун ҳам алоҳида тўловни амалга оширишади. Шундай экан, ҳар битта истеъмолчига тоза ичимлик суви етказиб бериш эндиликда тизим ривожи учун ҳам фойдали бўлади ва бу борадаги аҳолининг талаб ва таклифларини эътиборсиз қолдиришдан ҳеч қандай маъни йўқ.

 

“Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11 моддасида шундай дейилади: Оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар”.

Сўзимиз бошида “Мақола муаллифи Нурилла Шамсиевнинг вазиятни чуқурроқ ўрганиб, таҳлил қилмаганлигини ушбу умумий, мавҳум сўзлариданоқ пайқаш мумкин”, дедик. Энди мақоланинг баъзи бир жиҳатларига эътибор қаратасак:

  • Мақола муаллифи ўзини “журналистман, фалон газетадан фалончиман” дея таништирмаган. Аксинча, “Мен профсоюзданман. Муаммоларингни айтинглар, ҳал бўлади” дея ёлғон маълумот билан ахборот олган (Албатта, шу ўринда маҳалла раисларининг юмшоқ қилиб айтганда, ишонувчанлиги унга қўл келган).
  • Мақола давомида муаллиф фикрларини “Эсонтурди” маҳалла раиси Абдунаби Маллаев” тилидан давом эттиради. Ваҳолангки, Абдунаби Маллаев фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлайди.

 

Сўнгги сўз ўрнида шуни алоҳида таъкилашни истардик, оммавий ахборот воситалари муаммони кўтариб чиққани яхши. Биз бунинг тарафдоримиз. Зеро, шу муаммо ҳал бўлса-ю, халқимизнинг турмуш даражаси янада яхшиланса. Аммо, журналист, аввало, холис бўлиши лозим! Ёлғон ахборот билан, “икки оғиз гап” олиб, уни чуқур ўрганмасдан, таҳлил қилмасдан, янада бўрттириб, “мутасаддининг ўзи топилмабди”, “мутасаддилар столида “музлаб ётган” бўлса” каби иборалар билан мутасаддилар обрўйини туширишга урининш ҳақиқий журналистнинг иши эмас, назаримизда.

Шу ўринда босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликлари журналистларининг ахлоқ одоб кодексидан айрим жумлаларни келтиришни лозим топдик,

Журналистнинг касб маҳорати қуйидагилардан иборат:

  • шахсий эҳтиросларга эмас, мутахассис мулоҳазаларига асосланган таҳлилий ахборотларни тарқатиш;
  • маълумот олишда жисмоний ва юридик шахсларнинг рад этиш ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ахборот олишнинг қонун билан кафолатланган ҳолатларидан ташқари барча ҳолларда босим ўтказмаслик, товламачиликка йўл қўймаслик, одоб қоидаларига риоя қилиш...

 

Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM