Бу аёлни ҳар куни кўрасиз. Узоқ йиллардан бери ишлайди. У иш вақтини соатга эмас, қуёшга қараб белгилайди. Аниқроғи, ўз ҳудудига қуёшдан олдин назар солишни истайди. Унинг ҳудуди шунчаки, ҳудуд эмас...
У Регистонни ўзига тегишли, деб ўйлайди. Ёки ўзини Регистонга тегишлиман, деб ўйлармикан?!
Биз уни талабалик йилларимизда ҳам кўрардик. Ёшроқ, навқиронроқ эди. Баъзан обиданинг ўнг томонида, баъзан чап томонида. Ўриндиқларни артарди, супурарди, хазонларни йиғарди. Худди фасллар алмашингани каби унинг ҳам ҳаракатлари ўзгариб борди. Дарахтларни ёмон кўролмайди. Хазони ҳам, сояси ҳам керак унга. Бу майдон – майсаларидан тортиб, иморатларигача, обидалару ҳайкалларигача унга қадрли.
У опа эди, хола бўлибди. Энди холадан ҳам каттароқ кўринди... У фаришта эмас. Ҳар доим ҳам писта пўчоғини озода ерга оҳистагина улоқтирадиган олифта хонимга индамай туролмайди. Отасининг пулидан курсдош қизга музқаймоқ олиб, қоғозини ўн метр наридаги чиқинди идишга эмас, фаррошнинг “тумшуғига” (ўзининг таъбири) ташлаб кетадиган йигитчани ҳам аяб ўтирмайди. Ҳудудини ҳимоя қилади. Меҳнатини қадрлашларини талаб қилади.
– Ишингни қил, нима, “учиб” кетмоқчимисан, – қориндор амаки фаррошга ўқрайди.
Ёмон ўқрайди. Чунки фаррош уни ажнабийбашара аёл ёнида изза қилди. Ичимлик идишини майдонга ташламаслигини сўради. Билмайдики, қориндор амаки фаррош топадиган бир ойлик маошни бир кунда еб тугатади. Энди унинг қандай бой одамлигини тасаввур қилаверинг!
Аёл кўпи билан бир дақиқа ўзини ёмон ҳис қилди. Ён-атрофга қаради. Ичимлик идишини ердан олиб, йўлак бўйлаб кетди.
Ўйлаб қолади, киши. Ҳақиқатан ҳам унинг маошини бир ўтиришда кўрдим демайдиган амакилар бор. Уларнинг танноз аёллари бор. Фаррошнинг дағал қўллари эса умрида улар қўядиган буёқни кўрмагандир. Аммо у ўзини ўлдирмайди. Мана, шунча йилки яшаб юрибди. Энг арзон ишни қиляпти. Зорланмайди, оғринади, лекин яна эртага қуёшдан олдинроқ ҳудудига етиб келади...
Оқсоқол шаҳар
Негадир “оқсоқол” деганда қариб, кучдан қолган одамни тушунмаймиз. Аксинча, унинг сўзларида ҳикмат, кўринишида донолик, сир уфуриб тургандай тасаввур уйғотади одамда.
Самарқанд шаҳри ҳам шундай. Бой тарихи – нуронийнинг тажрибасини, гўзал маданияти – донишманднинг салобатини эслатади. Кексайгани сари қудратга тўлиб бораверади. Балки шунинг учун ҳам шаҳарларнинг ёши, қадимийлигига кўпроқ эътибор қилиш инсон онгида кечадиган табиий жараёндир.
Самарқанд оқсоқол шаҳар эканлиги нафақат ўзимизнинг тарихчилар, балки хитой, юнон, рим олимларининг эски китобларида ҳам эътироф этилган. Масалан, ўрта асрларда “Ғарбда Рим, Шарқда Самарқанд” деган ибора оммалашиб кетади. Ёки бу икки шаҳарнинг инсоният тарихидаги буюк хизматлари назарда тутилиб, “Боқий шаҳарлар” дея таъриф берилди.
Ўтган асрнинг ўрталарида Самарқандда, аниқроғи Афросиёб тепалигида олиб борилган тадқиқотлар шаҳар ёшини 2500 да деб айтиш имконини берди. Натижада 1970 йилда Самарқанднинг 2500 йиллиги кенг нишонланди.
Буни қарангки, Афросиёб тепаликлари кейинчалик яна кенг тадқиқ этилгач, милоддан аввалги 9-8 асрларга оид ашёлар топилди. Ушбу намуналар Францияда радиокарбон тадқиқот усулида ўрганилиб, Самарқанднинг ёши янада қадимий, 2750 йилдан ортиқроқ эканини исботлади.
Аслида гап шаҳарнинг кексалигида ҳам эмас. Биз кўпроқ узоқ, аммо мақтанса арзигулик тарихимиз билан ғурурланиб келганмиз.
Биргина Амир Темур ва унинг набираси Мирзо Улуғбек томонидан яратилган буюк тарих, жамланган илм, маданиятни дунё тан олади. Тан олмасликка имкон бермайдиган даражада яратиқлар бўлди.
Манбаларда келтирилишича, 14-15 асрларда Самарқандда муҳташам бинолардан ташқари, турли ҳунарманд маҳаллалари юзага келди. Испан элчиси Руи Ганзалес де-Клавихонинг ёзишича, ҳунарли бирор кишининг Мовароуннаҳрдан кетишига йўл қўйилмаган. Аксинча, Амир Темурнинг амри билан Дамашқнинг энг моҳир тўқувчилари, Халабнинг машҳур пахта йигирувчи ва Анқаранинг мовутчилари, Туркия ва Гуржистоннинг заргарлари, хуллас, касб-ҳунар соҳасида қайси шаҳарда ном чиқарган ҳунарманди бўлса, Самарқандга кўчириб келинган.
Энг муҳими, ўша истеъдодлар Самарқандда яшаб қолди. Шогирдлар тайёрлади, мактаблар яратди. Бу дегани – Самарқанд шаҳрида асрлар давомида ИСТЕЪДОДЛАР жам бўлади. Дунёга ўз сўзини айтиб туради. Дин ва дунё илмида Самарқанд бешикка айланади. Шундай бўлди ҳам.
Самарқандлик...
Халқимиз қон-қонига сингиб кетган иборалар бор: “Отанг ким эди, сен ким бўлдинг?!”, “Отанг билан эмас, боланг билан фахрлан”.
Дарҳақиқат, маҳаллийчиликни чет га суриб қўйган ҳолда айта оламизки, “САМАРҚАНДЛИК” деган сўзнинг тоши бор. Истаймизми-йўқми, бу замин фарзандларига илмли инсонларнинг авлоди, тафаккури кенг кишилар сифатида қараб келинган. Демак, шунга муносиб бўлмоқ ҳам керак.
Яқинда бир хориж кўрган укамиз айтиб қолди. “Малайзияда валюта алмаштиришга эҳтиёж сездим. Ҳужжатимни меҳмонхонада унутиб қолдирибман. Мени танимаган малайзиялик аёл мусофирлигимни билиб, ўз ҳужжати билан валюта олиб берди. Ўн-ўн беш дақиқасини менга ажратди, миннат қилмади”.
Германияда кўчадаги гулни узганлик учун жарима бор экан. Немислар бу қоидага амал қиларкан.
Кўрдик, японлар жаҳон чемпионатида футболдан сўнг стадионни чиқиндилардан тозалаб кетишди.
Хитойликлар миллий валютасига азбаройи ҳурмати, давлат иқтисодини ўйлаб, бошқа пул бирликларидан деярли фойдаланмайди. Фуқаро сифатида нимадир қилмоққа интилади.
Ўйлаб қолади киши. БИЗ БУГУН БОШҚАЛАРДА КЎРАЁТГАН ИЧКИ МАДАНИЯТ ота-боболаримизда эди-ку. Нега биз унутдик ёки унутяпмиз?..
***
Мақолани ёзиш истаги пайдо бўлганда, Самарқандни шунчаки, баландпарвоз сўзлар билан мақтаб бўлмаслигини англадим. Кўп ва хўп мақталган. У кеча эди. Кечани ўзгартириб бўлмайди.
Аммо бугунни ўзгартириш мумкин, эртани таъминлаш имкони бор. шаҳарда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, одамларнинг тўқ ёки оч яшаётгани ҳақидаги гаплар, қанақадир рақамлар бугун муҳиммас. Бугун бўлмагани эртага бўлади, ҳислар билан эмас, ақллар билан яралишлар бўлаверади Самарқандда, Ўзбекистонда. Бўляпти ҳам.
Бизнингча, энг муҳими, одамларнинг ўзгариши. Қалбнинг тарбия топишидир. Маданиятсиз, лоқайд, табиат билан уйғунлашмаган одам энг бебаҳо мўъжизани ҳам лаҳзада барбод қила олади. У чунки ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам қадрига етмайди. Бу тоифа билан мақтанолмаймиз. Дунё нафақат тарихимизни, балки бугунимизни, бизни кўриш учун келиши керак.
У Регистонники...
Регистон – рамз. Самарқанднинг рамзи. Биз бу биргина обида ортида бутун бир шаҳарни, воҳани тушунамиз. У ташриф қоғози.
Сўзимиз аввалида фаррош хола “Ўзини Регистонга тегишлиман...” деб ўйлаши ҳақида ёзгандик. У ҳудуднинг тозалиги, орасталиги учун ишлайди. Ўн, йигирма, ўттиз йиллик умри шу ерда ўтяпти. Қаноат билан, аммо нафи тегиб яшаяпти. Одамларнинг асаби камроқ бузилиши, дили равшанроқ бўлиши учун меҳнат қиляпти. Жамият занжирининг бир халқаси сифатида. Дунёни ўзгартиролмайди (қориндор амаки мисол), аммо ўзини ўзгартирган.
Энди боболар билан мақтаниш эмас, ўзимиз ва болаларимиз билан мақтаниш даври келди. Самарқанд шундоқ ҳам буюк шаҳар. Биз эса унинг бир бўлагимиз, унга тегишлимиз.
Исомиддин ПЎЛАТОВ. ("Гулистон" журнали)