Канадада сайловга доир қизиқарли фактлар...

сайлов

Хабарингиз бор, айни кунларда юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар томонидан сайловларга тайёргарлик ишлари жадал кетмоқда. Яқин кунларда Канадада ҳам парламент сайловлари ўтказилиши белгиланган.

“Дарё.уз” интернет нашри асосчиси Фарход Файзуллаев ҳозирда Канада давлатида истиқомат қилади ва ўзининг шахсий блогида сайлов билан боғлиқ қизиқ фактларни қолдирибди. Қуйида пост таҳрирсиз келтирилади:

 

21 октябрь куни Канадада парламент сайловлари бўлиб ўтиши ҳақида ёзгандим.

 

Бугун почта (оддий қоғоз почта қутиси)ни текширгандим, мен яшайдиган уй эгаларига сайловчи карталари келибди. Уларда сайловчи исми ва манзили, қачон ва қаерга бориб овоз бериш мумкинлиги ҳақида ёзилган. Сайловчилар шу карта билан сайлов участкаларига боришлари керак.

 

Сайловчи карталарига қўшимча равишда инглиз ва француз тилларида буклет ҳам юборишибди. Унда қандай сайлаш, сайлаш учун қандай ҳужжат олиб бориш кераклиги ҳақида маълумот берилган.

 

Қизиқ жиҳатлари:

 

1. Канадада паспорт асосий ҳужжат эмас. Усиз бемалол яшаш мумкин. Паспорт олиш ихтиёрий, чунки у фақат чет элга чиқиш учун ишлатилади. Асосий ҳужжат — ҳайдовчилик гувоҳномаси. Фарқи — «права»да яшаш манзили кўрсатилади, паспортда эса йўқ. Шунинг учун сайловгаям «права» билан бориш мақсадга мувофиқ, дейилган буклетда.

 

2. Ҳеч қандай ҳужжатсиз ҳам овоз бериш мумкин. Бунинг учун сизнинг сайлов округингизда истиқомат қиладиган фуқаро (масалан, қўшнингиз) исм-фамилиянгиз ва сиз таъкидлаган манзилда истиқомат қилишингизни тасдиқлаб бериши кифоя. Шунда сиз ҳужжатсиз ҳам сайловда қатнашишингиз мумкин бўларкан.

 

Табиийки, овоз бериш учун Канада фуқароси бўлиш шарт. Мен фуқаро эмасман, шунинг учун четдан кузатиб, Либераллар ғалаба қозонишига умид қилиб турибман.

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM