Овқатдан оммавий захарланиш.

Ижтимоий тармоқларда Самарқандда овқадан оммавий захарланиш кузатилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Жорий йилнинг 7 октябр куни соат 14:10 дан 8 октябр соат 22:00 га қадар Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 24 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар, овқат токсикоинфекцияси бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Жорий йилнинг 6 октябр куни соат 13:00 ва соат 17:30 лар оралиғида барча беморлар Самарқанд шаҳар Сиёб деҳқон бозори ҳудудида жойлашган «Бахтиёр» МЧЖга қарашли хот-дог тайёрлаш шохобчасидан хот-дог ва шаурма маҳсулотларини харид қилиб, истеъмол қилишганлиги маълум қилинди.

 

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими тарқатган хабарга кўра:

Ҳозирда беморлар аҳволи қониқарли бўлиб даволаш муолажалари давом этмоқда.

Мазкур заҳарланиш ҳолати юзасидан "Хот-дог" тайёрлаш дўкончаси фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозим, бироз аввал ҳам Самарқандда оммавий захарланиш кузатилган эди.

☝️ Ҳурматли фуқаролар, оммавий овқатланиш шаҳобчаларида овқатланганда санитария – гигиена талабларига риоя қилинишига эътибор беринг. Айниқса, тез тайёр бўлувчи (Fast food)лардан эҳтиёт бўлишингизни сўраймиз.

 

Булунғур туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM