ЭРКАК

ибрат

Ўша кун машинамда ўтиргандим. Ёнимга бир болакай келди:

– Амаки, машинангиз ғилдиракларини ювиб берайми? Кўп сўрамайман. Қанча берсангиз ҳам мен рози...

Боймасман. Лекин, ўзимга тўқман ҳаётда.

Ёнимдан 1000 сўм чиқариб, унга узатдим...

Болакай пулни кўргач, юзи тундлашди:

– Амаки, тиланчи эмасман...

Шундай дея, орқасига қараб кета бошлади.

Чақирдим. Яна олдимга келди.

Тўғриси, ҳаётда биринчи марта шунақа ноқулай вазиятга солган болакайни кўришим.

Юзлари бироз қорайган, жемферининг тирсаклари ямоқ. Қўллари эса мағзаваданми билмадим, ҳар ҳолда бошқа жойларидан оқроқ эди.

Қилган ишимдан ҳижолат бўлиб, “Фақат машина фаралари ва ойналарини артиб берсанг бўлди”, дедим.

У мени ҳайратга солишда давом этди:

– Амаки, латта-совуним фақат ғилдирак ювишга мўлжалланган. Машинангиз ойнасини хунук қилишни хоҳламайман...»

– Хўп, унда ғилдиракларини ювақол...

У юзимга бир қараб олдию, ювишга киришиб кетди. Шу орада оиласи ҳақида сўрадим.

Кам гапирди... Отаси ярим йил олдин вафот этибди. Онасининг бетоб ётгани, топган пулини рўзғор ва дори дармон учун сарфлаётгани ҳақида айтди.

Эпчиллик ва ҳафсала билан қилган меҳнатини кўриб, ёнимдан 15 минг сўм чиқардим.

– Амаки, ҳар бир ғилдиракни 500 сўмдан баҳоланг. Менга 2000 сўм берсангиз етади. Қилган меҳнатим бераётган пулингизга арзимайди...

Томоғимга бир нима тиқилиб қолди. Қўярда қўймай, илтимос қилиб, пулни бердим.

Болакай пулни чўнтагига жойлаб, раҳмат айтиб, кейинги машина томон илдам юриб кетди.

Ортидан қараганча қолдим. Қўлида оддий челак ва латта тутиб, ҳалол пул топаётган, шимлари шимарилган, аҳён-аҳён бурнини ҳам тортиб, ишга шўнғиган йигитча кўз олдимда михланиб қолди.

Машинани ўт олдирар эканман яратганга илтижо қилдим:

– Шундай ЭРКАКни дунёга келтирган аёлнинг дардига ўзинг шифо бер, Аллоҳим!

 

Мамат САИДОВ.

 

“Жомбой тонги” газетасидан олинди.

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM