Байрамга байрамона туҳфалар

Маълумки, келажак авлоднинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишида мактабгача таълим ташкилотларининг ўрни беқиёс. Шу сабабдан мазкур соҳани ривожлантириш, 3-7 ёшдаги барча ёшларни мактабгача таълим ташкилотлари томонидан тўлиқ қамраб олиш масаласига ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада хусусий тадбиркорларни ҳам қўллаб-қувватлаб, кенг имконият ва имтиёзлар яратиб берилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Респубикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги “Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича рухсатнома бериш тартиби тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 595-сонли қарори айни мақсад йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.

Яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами муносабати билан жорий йилнинг 22 август куни Булунғур туманида 4 та оилавий мактабгача таълим ташкилотларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимларида туман ҳокимлиги, туман мактабгача таълим бўлими масъуллари, туман “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари З.Алиқулова, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши раиси А.Шокиров, маҳалла раислари, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Хусусан, “Эрганакли” маҳалласида тадбиркор Р.Соатова томонидан “Бинафша”, “Бешкуви” маҳалласида тадбиркор Г.Йўлдошева раҳбарлигида “Меҳр”, “Нурли йўл” маҳалласида тадбиркор Г.Лапасова томонидан “Зилола” номли ва “Булунғурариқ” маҳалласидан тадбиркор Д.Назарқосимова раҳбарлигида “Бинафша” номли мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди.

Шу ўринда айтиш лозимки, мазкур 4 та мактабгача таълим ташкилотларининг ҳар бири 25 тадан ёшга мўлжалланган бўлиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилиши орқали туманда 8 та янги иш ўринлари яратилди ҳамда 100 нафар ёш сифатли таълим олиш иконига эга бўлди.

Маълумот учун, бугунги кунга келиб туманда 21 та давлат тасарруфидаги, 2 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, 1 та нодавлат ҳамда 47 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. 2023 йил якунига қадар тумандаги барча болаларни мактабгача таълим тизимига тўлиқ қамраб олишни режалаштирмоқдамиз, дейди туман мактабгача таълим бўлими мудираси У.Губаева.


 

Булунғур тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Бизни кузатиб боринг. Дўстларингизни ҳам таклиф қилинг.

http://bulungur.uz

https://t.me/Hokimlik_matbuot_xizmati

fb.me/Hokimlikmatbuotxizmati

https://twitter.com/MatbuotXizmati

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM