Байрам тантаналари бошланди

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллиги байрами муносабати билан туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан туман маданият уйи билан ҳамкорликда туманимиз аҳолисига байрам кайфиятини улашиш мақсадида жорий йилнинг 20 август куни ўзининг қизиқарли ҳангомалари билан элнинг ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлган, халқимиз суйиб томоша қиладиган Абдувоҳид Рўзметов раҳбарлигидаги “Қалпоқ” ҳажвий гуруҳи аъзоларининг Булунғур туманига ташрифи амалга оширилди.

Туманимиздаги 9-сонли болалар ва ўсмирлар мусиқа мактаби биносининг концертлар залида бўлиб ўтган ижодий учрашув ҳамда кулгу кечасида таниқли актёр, қизиқчи  Мухтор Халимов (Фармон ака), қизиқчи актриса Ширмоной Абдуллаева ҳамда ёш, истеъдодли хонанда Иномжон Мадалиевлар йиғилганларда яхши таассурот қолдиришди.

Тадбир сўнгида “Қалпоқ” ҳажвий гуруҳи аъзолари энг фаол иштирок этган мухлислардан “Мирзаариқ” маҳалласи фуқароси, нафақахўр Маҳбуба Исломованинг тўйига ташриф буюриб, холис хизмат кўрсатишга ваъда беришди.

 

Байрам кечасига ташриф буюрганлар куй ва қўшиқларга рақсга тушишиб, қувноқ ҳазиллардан баҳраманд бўлишиб, маданий ҳордиқ чиқардилар.

Тўлқин ШЕРБОЕВ.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM