Булунғурлик Фозил Йўлдош ўғли ўзбек достончилигида машҳур ва улкан бахши сифатида шуҳрат топган халқимизнинг асл фарзандидир.

Бадиий адабиётда ижодкорнинг сўз санъати тараққиётига қўшган ҳиссаси яратган асарларининг сони, ҳажми билан ўлчанмайди. Бадиий адабиётнинг ривожланиш даражасини, аввало, маҳорат мезони белгилайди. Бу ўлчов, шубҳасиз, халқ оғзаки ижоди намуналарига ҳам тааллуқлидир. ХIХ асрдан  ХХ асргача ўзбек достончилигида юзлаб бахшилар ижод қилганлар, юзлаб достонларни айтганлар. Аммо бугунги кунда улардан бор-йўғи ўндан ортиқ бахшилар номи сақланиб қолган. Фозил Йўлдош ўғли номи эса энг таниқлиларнинг таниқлиси сифатида эъзозланади.

Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси ҳақида фикр юритилганда, аввало, “Алпомиш” достони тилга олинади. Бахшилардан бу достон 30 дан ортиқ вариантларда тўлиқ ёки парчалар тарзида ёзиб олинган. Аммо улар орасида энг машҳур ва мукаммал нусха 1928 йилда Маҳмуд Зарифов томонидан таниқли олим Ҳоди Зариф раҳбарлигида ёзиб олинди. Қизиғи шундаки, достоннинг Ўғуз, Қипчоқ, Олтой, Қўнғирот версиялари орасида ҳам Фозил Йўлдош ўғли айтган нусха фольклоршунос олимлар томонидан энг мукаммали сифатида тан олинган.

Маълумки, 1952 йилда “Алпомиш” достонига қарши сиёсий ҳужум уюштирилди. Бу пайтда Фозил Йўлдош ўғли тирик эди. Бизгача етиб келган хотиралардан биламизки, кекса бахши бу пайтда достонни қораловчи мажлисларда соатлаб ўтиришга мажбур бўлган экан, аммо қўйилаётган айбларни мутлақо тушуна олмаган экан, чунки саводсиз, ўқишни ҳам билмаган Фозил шоир халқ қадриятларини тушуниш соҳасида танқидчи “олим”лардан тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада юқори турган.

Фозил Йўлдош ўғли 1872 йилда Самарқанд вилояти Булунғур туманига қарашли Бўдана ҳудудидаги Лойқа қишлоғида деҳқон Йўлдош ака оиласида туғилади. 1873 йилда Лойқа қишлоқ аҳолиси Челак қишлоғи атрофига кўчишга мажбур бўлади. Аммо яшаш манзилининг ўзгариши оила маиший шароитида ижобий ўзгариш ясамади. Турмуш қийинчилигига чидай олмаган Йўлдош ака 1877 йилда вафот этади. Фозил оиласи янада оғир иқтисодий аҳволда қолди.

Фозил жуда ёш бўлишига қарамай Ғаллаорол қишлоғига бориб яшаш учун нон топиш илинжида оғир меҳнат қилишга мажбур бўлди. Бу ҳақда кейинчалик “Кунларим” термасида шундай дейди:

Олти ёшда қўмсаб-қўмсаб отамни,

Оғир меҳнат эзди шўрли энамни.

Эна-бола тополмадик бир нонни,

Парча нон деб ўтган кунларим.

Етти ёшда ортди менинг кулфатим,

Саккиз ёшда оғир меҳнат улфатим,

Меҳнат учун синаб кўрдим қувватим,

Тўққиз ёшга йиғлаб етган кунларим.

Тўққизимда бел боғладим меҳнатга,

Чўпон бўлдим, тушдим яна ғурбатга,

Ишлаб едим, лекин қолдим миннатга,

Парча нон деб миннат чеккан кунларим.

Дўмбирам куйлади менинг ҳолимни.

Мен жўр бўлиб сўкдим бойни – золимни,

Топдим, дўстлар, шунда дардкашларимни,

Ҳақ-ноҳақни куйлаб чертган кунларим.

Эътибор берган бўлсангиз, Фозилнинг ёшлиги мутлақо болалик қувончларидан маҳрум ҳолда ўтган. Ўртоқлари билан турли кўнгил очди ўйинлар ўрнига бир парча нонни гўдаклигидан меҳнат билан топишга мажбур бўлди. “Кунларим” термаси эса унинг болалиги ҳақида бир асрдан ошган бугунги кунда тасаввур ҳосил қилиш имконини беради, айни пайтда, ёшларимизни ота-боболарининг болалигидан ибрат олишга чақиради. Фозил Йўлдош ўғлида Эргаш шоирнинг ижодий муҳити бўлмаган. Фозил шоирнинг бахшилар даврасига кириш жараёни анча мураккаб ўтган. Унинг достончилик сирларини ўзлаштириши турмуш ташвишларини бошидан кечириш билан уйғунлашган. Профессор Ҳоди Зарифовнинг маълумот беришича, Фозил шоир бахшиликни ўзлаштиргунига қадар 19 ёшида ўз қишлоғига қайтиб, отасидан қолган чорак таноб ерда деҳқончилик қилган, чорвачилик билан шуғулланган. Ҳатто Лойқа қишлоғининг энг эпчил ўроқчиси номини олишга муяссар бўлади. Аммо ёшлигида ўрганган дўмбира машқи унга тинчлик бермайди. Ҳавас йўлидаги харакатлари натижа бериб, ўз давридаги машҳур устоз бахши Йўлдош булбул эътиборига тушади. Ўша пайтда Лойқа қишлоғидан Йўлдош, Қўлдош, Суяр бахшилар ўз устозлари анъаналарини давом эттираётган эдилар. Улар қаторидаги Йўлдош бахши ўз даврида Йўлдош булбул даражасига етган бахшига шогирдлик қилганди. Унинг Фозилга назари тушгани бўлажак “Алпомиш” ижрочиси учун омад муҳри бўлиб қолди. Фозил шоирдаги иқтидор, овоз, дўмбирачилик ишқи Йўлдош шоир маслаҳат ва кўрсатмалари заминида ривожланди. Охир-оқибат 1897 йил атрофида 25-26 ёшларида Фозил таниқли бахшилар назарига тушди, Фозил шоир номини олди.

Халқ бахшиси ҳамиша элининг дардини, аламини, замон ташвишларини ўз ижодида акс эттирган. Халқ ижтимоий ҳаётнинг энг оғир ва мусибатли даврларида айнан бахши термаларидан тасалли топган, келажакка умид билан қараган. Бу масъулиятни Фозил шоир бутун вужуди билан ҳис қилди. 1898-1908 йилларда Самарқанд вилояти экин майдонларини чигиртка офати босганида “Чигиртка” термасини яратди. Юртда қашшоқлик авжига чиққани сари бахши ноласи ҳам авж олди:

Камбағалнинг ақли шошиб,

Ўғил қизиман кенгашиб,

Кеча-кундуз зор йиғлашиб,

Дўстлар, қадди камон бўлди.

Аксига олиб чор ҳукуматининг маҳаллий аҳоли бошига ёғдираётган зулми, адолатсизлиги ҳам кўпайди. Халқ фақат мутеъ ва қарам бўлишга мажбур эди. Норозилик билдирганлар шу заҳоти жазога тортилди. Айниқса, Жиззахда бош кўтарган аҳолининг ваҳшийларча тўпга тутилиши дард устига чипқон даражасига етди. Фозил шоир бу давр воқеаларини “Маматкарим полвон”, “Жиззах қўзғалони” достонларида ифодалади. Бахши тажрибаси унга ўз даврида рўй берган воқеаларни ўта жонли лавҳаларда тасвирлаш имконини яратди:

Ўз ҳолига қўймай халқни

Қайта-қайта чиқим солди,

Урушда бўлган харажат

Қайдан топиб берсин элат?

Ҳамма бўлиб қолди ҳайрон,

Нечовнинг ватани вайрон.

“Жиззах қўзғалони” достонида солиқ ва ортиқча зулм устига оқ подшоҳнинг Германия билан бўлаётган урушга мардикор юбориш ҳақидаги фармонига қарши халқнинг кўтарилиши ҳикоя қилинади. Бахши нотиқларнинг нутқидан тортиб чор амалдорларининг талвасага тушгунига қадар ҳаёт лавҳаларини шундай баён қилдики, достонни эшитганлар ёки ўқиганлар ўзини ўша тарихий воқеалар иштирокчисидек ҳис қилди.

Фозил Йўлдош ўзбек фолъклоршунослиги илмига 1922 йилдан маълум бўлди. Дастлаб, Ғози Олим Юнусов, кейинчалик В.М.Жирмунский, Ҳоди Зарифов, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода, Муҳаммаднодир Саидов, Баҳодир Саримсоқов, бугунги кунда Тўра Мирзаев, Маматқул Жўраев, Абийр Мусақулов, Шомирза Турдимов, Жаббор Эшонқул каби олимлар бахши ижодини ўрганишда муҳим илмий тадқиқотлар яратдилар.

“Алпомиш”, “Ёдгор”, “Ширин билан Шакар”, “Муродхон”, “Рустамхон”, “Малика айёр”, “Машриқо”, “Интизор”, “Балогардон”, “Нурали”, “Жаҳонгир”, “Фарҳод ва Ширин” каби қирққа яқин достонни Фозил Йўлдош ўғли истаган пайтда, исталган лавҳадан айтиб кетавериш салоҳиятига эга эди. Айниқса, “Алпомиш”ни куйлаш унинг учун алоҳида шараф ва ҳузур бағишлар эди. Фозил Йўлдош ўғли қаҳрамонлик эпоси намунасини ижро этишда унинг достонини оддий одамлар тинглаётганини ёдидан чиқармасди. Одамларнинг қалбини эса турли ҳис-туйғулар эгаллаган бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун бахши достонларида фақат олий мезон билан ўлчанадиган жанг лавҳаларидан ташқари асар қаҳрамонларининг руҳий ҳолатини ифодалашга ҳам диққат қилар эди. “Алпомиш” достонидаги Барчиннинг Бойчиборга алам билан мурожаат қилиши бу фазилатнинг далили бўлишга арзигуликдир:

“Қурру-ё қур, ҳайт-а, тўрамнинг оти,

Оқ тўшим яйловинг, сочим – шипиртки,

Куйганимдан гапни гапга улайин,

То ўлгунча сайисинг бўп юрайин.

Эгам раҳм айласин қонли ёшима,

Сабаб бўлиб қўшгин денги-дўшима,

Олмосдай туёғинг қордай тўшима,

Қурру-ё қур, ҳайт-а, тўрамнинг оти!

Ўйилмай куймасин кулбаи хонам,

Оҳ уриб йиғлайди мендайин санам,

Қалмоқда қолмасин гулдайин танам,

Ўн икки ой сени Бойбури боқди,

Гарданингга Қалдирғоч қўтос тақди.

Йиғлатмагин Барчин гулдай бебахтди,

Қурру-ё қур, ҳайт-а, тўрамнинг оти”.

Бу мурожаатни бефарқ эшитиш мумкин эмас. Уни тинглаганда, жуда бўлмаганда бир оз эътибор билан ўқиганда, инсон вужудида сеҳрли ўзгариш рўй бергандек туйилади. Ўзга юртда ғариб бўлиб яшашдан чўчиган норасида қизнинг юрак дарди ифодаланган.

Фозил Йўлдош ўғлининг номи чиққан бахшилар ўртасида муносиб ҳурматга эга бўлиши бежиз эмас, албатта. Бу ҳурмат тинимсиз меҳнат, фавқулодда хотира эгаси бўлиш, ҳаёт тажрибасини айтилаётган асарга сингдириш, маҳорат ва букилмас ирода маҳсули экани оддий ҳақиқатдир. Фозил Йўлдош ўғлининг ўнлаб достонлари халқ оғзаки ижоди туркумида юзлаб босма тобоқларда нашр этилди. Бугунги кунда бахшидан ёзиб олинган терма ва достонлар, унинг ижоди таҳлил қилинган китоб ва мақолалар сони 500 га етди.

Фозил Йўлдош ўғли 1955 йилда 83 ёшда ўз қишлоғида вафот этди.   Хуллас, Фозил Йўлдош ўғли ўзбек достончилигида машҳур ва улкан бахши сифатида шуҳрат топган халқимизнинг асл фарзандидир.

Булунғур фахри бобомиз Фозил Йўлдош ўғли номини абадийлаштириш мақсадида туман марказидан “Фози Йўлдош ҳиёбони” ташкил этилди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM