ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТЛАР – ФАРОВОНЛИККА ЙЎЛ

Аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, иш билан бандлигини таъминлаш, ҳудудларда оилаларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларни мунтазам қўллаб-қувватлаш ҳукуматимиз раҳбариятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4231 сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда ҳам туман ҳокимининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди,Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман Кенгаши ва бошқа бир қанча ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳамда ходимларидан иборат таркибда туман “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази” ташкил этилган. Мазкур марказ ходимлари туманнинг тўртта сектор ҳудудларини қамраб олган ҳолда маҳаллалар кесимида гуруҳларга бўлинган ҳолда хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг ҳунармандчилик, касаначилик, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб даромад топишлари, аҳоли томорқалари ва бўш экин майдонларидан унумли фойдаланишлари учун керакли маслаҳатлар ва амалий кўмак беришмоқда. Шунингдек, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан бириктирилган гуруҳ вакиллари томонидан хонадонма-хонадон суҳбатда имтиёзли кредитга бўлган талабгорлар рўйхати шакллантирилмоқда. Талабгорларга имтиёзли кредитлар оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига йиллик 8 фоиз ставкада, 3-6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилиши тушунтирилмоқда.

Имтиёзли кредитлар асосан хонадонларда иссиқхоналар қуриш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик, қуёнчилик ва боғдорчилик учун ажратилмоқда. Шу бугунга қадар иссиқхоналар қуриш ва чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит олиш истагидаги талабгорлар кўпчиликни ташкил этаяпти. Жумладан, иссиқхона ташкил этиш учун 54 нафар фуқаро 868.000.000 (саккиз юз олтмиш саккиз миллион) сўмлик, 147 нафар фуқаро эса чорвачиликни ривожлантириш учун 3.639.000.000. (уч миллиард олти юз ўттиз тўққиз миллион) сўмлик имтиёзли кредит ажратишни сўраб мурожаат қилган. Шунингдек, ўқув марказлари, консалтинг ва бухгалтерия хизматлари, тикувчилик, каштачилик каби хизмат турлари, маиший хизмат кўрсатиш, ҳаммом, сартарошхона, гўзаллик салони, автомобилларга хизмат кўрсатиш,  мебель, темир, ёғоч, альюминдан маҳсулотлар ишлаб чиқариш, текстил ва қурилиш маҳсулотлари, озиқ-овқат (қандолат, ширинлик) маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун имтиёзли кредит ажратилишини  сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг ҳам талаблари қондирилмоқда.

Айни пайтда ушбу кредитларни ажратиш, расмийлаштириш учун тумандаги Агро банк, Халқ банки,  Микрокредит банк филиаллари ва Турон банк, Миллий банк ҳамда Асака банк мини банклари шуғулланишмоқда. Бундан ташқари мингдан зиёд фуқаролар имтиёзли кредитлардан фойдаланмасдан, ўз шахсий маблағлари ҳисобига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, фойдаланилмаётган биноларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ташкил этишиб, томорқалар ва бўш экин майдонларидан унумли фойдаланишмоқда.

Туманимизда фаолият олиб бораётган “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази” гуруҳи аъзолари айни пайтда ҳам хонадонма-хонадон юриб, мазкур Қарор мазмун-моҳиятини тушунтириб, талабгорларга имтиёзли кредитлар бериш ишларини давом эттиришмоқда.

Дилшод ШАКАРБОЕВ,

туман ҳокимининг биринчи ўринбосари

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM