Хашар - элга ярашар

Айни кунларда туманимиз ҳудудида зиёратгоҳ ва қабристонларни тозалаш ва ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Жумладан, куни кеча Булунғур туманидаги Булунғур-ариқ номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Чангал» қабристонида ташкил этилган ободонлаштириш, тозалик ишларида маҳалла аҳли қатнашишди. Ободонлаштириш ишларида 50 га яқин аҳоли фаол иштирок этишди. Натижада ҳудуд шох-шаббалардан, қабристон атрофи чиқиндилардан тозаланди, ариқ йўллари очилди.

– Эрта тонгдан ҳашар бўлишини эшитиб, маҳалламиз ёш-у қари келишди, – дейди Булунғур-ариқ маҳалласи фаоли Фарҳод Ғозиев. – Ҳашар, айниқса, қабристонлар тозалиги ва ободончилиги учун ўтказиладиган ҳашар инсонга меҳр-оқибат, одамийликдан сабоқ берувчи бебаҳо тарбиявий аҳамиятга эга тадбир саналади. У ўзаро меҳр-оқибат ришталарини боғлайди. Буни англаган маҳалладошларимиз ҳашарда бирдамликларини кўрсатишмоқда.

Биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни қилиб келмоқдамиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларни зиёрат қилиш ва обод қилиш барчамизни инсоний бурчимиздир.

Шундай экан биз ёшларимизга давлатимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсатни, қадриятларимизга бўлган эътиборни қўллаб қувватлаш, ўз Ватани, халқини севишга, кўз қорачиғидек авайлаб асрашга фидойи бўлиб яшашга ўргатишлигимиз керак.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM