Ўзини-ўзи банд қилган фуқароларга қандай имкониятлар берилган?

Бандлик соҳасида мазкур тушунча бугун кундалик ҳаётимизда фаол қўлланилмоқда. Айрим фуқароларимиз бу ишнинг моҳияти ҳамда аҳамиятини англаб етмаётгани турли тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, бунда фуқароларимиз учун қатор қулайликлар ва енгилликлар яратилганки, буни тўғри тарғиб қилиб, тушунтирсак, аксарият ишсиз фуқароларимиз учун фақат ва фақат фойда келтиради.

Аслида ўзини ўзи банд қилишнинг аҳамияти, фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратилишида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 июнь куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши муҳим роль ўйади. Негаки, қарор билан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилди.

Жумладан, 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилди. Шу пайтгача мазкур фаолият (хизматлар, ишлар) турлари фақатгина 24 та эди. Энди уларнинг сони 67 тани ташкил этади.

Бу эса норасмий секторда банд бўлганлар сонини янада камайтиришга хизмат қилади. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, амалдаги тартиб бўйича фуқаро вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини 12 ойлик муддатга олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 баравари миқдоридаги тўловни амалга ошириши талаб этиларди. Бу фуқароларнинг оз бўлса-да эътирозларига сабаб бўлаётган эди.

Қолаверса, қайд қилинган маблағнинг фақат 60 фоизи Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига — ўзини ўзи банд қилган фуқаро томонидан ягона ижтимоий тўловни тўлашга йўналтирилганди. Президентимизнинг қарорига кўра, эндиликда бундай шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Муҳими, ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига асосан эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар эса 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.

Бундан кўринадики, ўзини ўзи банд қилган фуқаро 7 йил узлуксиз муайян турдаги фаолият билан шуғулланса, кексайганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Яна бир муҳим томони шундаки, ўзини ўзи банд қилган шахслар кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар — норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда юртимиз банкларидаги ҳисоб рақамларига қабул қилиши мумкин. Ушбу имтиёз бугунги ахборот асрида ўқиб, ўрганаётган ўз билими ва иқтидори билан уйдан чиқмасдан Интернет тармоғи орқали пул топувчилар ишини осонлаштиради.

Бундан ташқари, улар контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) имконига эга.

Дарвоқе, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайди.

 

Баходир ҚАРШИЕВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати бош юрисконсульти

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM