Булунғур туман ҳокими Б.А.Бахрамовнинг Булунғур тумани аҳолисига мурожаатномаси

Ассалому алайкум ҳурматли булунғурликлар!

Бугун коронавирус пандемияси сабабли бутун инсоният мураккаб даврни бошидан ўтказаётганлиги ҳеч кимча сир эмас. Инфекция дунё бўйлаб 190 дан ортиқ мамлакатларни қамраб олди ва мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади.

Бугун биз, сектор раҳбарлари Булунғур тумани аҳолисига мурожаат қилиб, тумандаги эпидемиалогик вазият ҳақида маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Бугунги кунда Булунғур тумани фуқароларининг 24 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган бўлиб, шундан, 19 нафари касаликдан фориғ бўлди. Айни дамда 1 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бўлса, қолган 4 нафари касаллик аломатсиз кечаётганлиги сабабли ўз уйларида даволанмоқда. Беморларнинг аҳволи мўтадил.

Беморларни даволаш учун 20 ўринли юқумли касалликлар бўлими тайёрлаб қўйилган. Бундан ташқари, Килдон саноат коллежи биносида 300 ўринли  вақтинчалик  шифохона тайёрланмоқда.

Пандемия даврида аҳоли томонидан мурожаатларнинг кўпайганлиги (бир суткада 130 дан -150 тагача) ва “103” тармоғи банд бўлишининг олдини олиш учун туман тез тиббий ёрдам бўлимига қўшимча 5 та телефон аппарати ўрнатилди. Бугунги кунда туманимиз ахолисига 14 та тез тиббий ёрдам машиналари  хизмат кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Булунғур туман тиббиёт бирлашмасида “КОЛЛ-ЦЕНТР” – тиббий маслаҳат маркази фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур тиббий маслаҳат маркази тун-у кун -  24 соат давомида туманимиз аҳолисидан мурожаатларни қабул қилмоқда.

Маълумот учун, Булунғур туман тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган “КОЛЛ-ЦЕНТР” ишонч телефон рақамлари:

(66) 442-22-84

(66) 442-23-57

(66) 442-25-70

Туманда мавжуд 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 2 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 8 та қишлоқ врачлик пункти, 6 та тез ёрдам шахобчаси, 4 та патронаж пунктлари томонидан ўз ҳудудларида патронаж тиббий хизмати ташкил этилган. Уйида даволанаётган беморлар ва коронавирус инфекцияси тахмини билан мурожаат қилаётган фуқаролар учун 2 та “Дамас” автомобили ажратилиб, “Мобил эпидемиологик гуруҳ” хизмати йўлга қўйилди.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун оилавий полклиникаларидаги умумий амалиёт шифокорлари ва тез ёрдам врачлари бир йиллик тўлови тўланган ҳолда 50 дона мобиль телефонлар билан таъминланган. Уйда даволанаётган беморларнинг ҳолатини ўрганиш юзасидан кунлик назорат ўрнатилган.

Шунингдек, инкирозга карши курашиш жамгармаси фондидан туман санитария эпидемиалогия осойишталиги маркази учун зарурий дори воситалари, дезинфекцияловчи автомакс аппаратлари, махсус кийим - кечак олиш учун жами 62 миллион сўм микдорида маблаг ажратилди. Бундан ташкари, жамгарма фондидан 84 миллион сум микдорида маблаг ажратилиб, марказ учун “Дамас” автомашинаси харид қилинди.

Ҳурматли булунғурликлар!

Бугунги кунда туманда 43 та дорихоналар фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг 24 июл куни тумандаги дори-дармон воситалари савдоси билан шуғулланиб келаётган барча тадбиркорлар билан учрашиб, гаплашиб олдик. Учрашувда коронавирусга қарши қўллаш тавсия этилаётган 49 турдаги дори воситаларининг захираси мавжудлиги ўрганилди. Тумандаги барча дорихоналарда мазкур дори воситаларининг 3 ойлик заҳирасини яратиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, ушбу дори воситалари нархи ошишинг олдини олиш юзасидан зарурий чоралар кўрилиши белгиланган.

Ҳурматли тумандошлар!

Хабарингиз бор, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилди ва бир қатор карантин чекловлари ўз кучида қолди. Жумладан, тумандаги буюм бозори ҳамда озиқ-овқат билан боғлиқ бўлмаган савдо ва ошхоналар фаолияти тўхтатилди. Аҳоли ва жамоат транспорти ҳаракатига вақтинча чекловлар ўрнатилди. Коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август кунлари сутка давомида ҳаракатланиш тўлиқ тўхтатилиши белгиланди.

Олиб борилаётган барча тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан, туманда карантин талаблари бузилаётган ҳолатлар мавжудлиги ташвишланарли ҳол. Хусусан, аҳоли гавжум жойлар, савдо шахобчаларида  ўзаро ижтимоий масофа сақлаш меёрлари бузилиши кузатилмоқда. Айрим юртдошларимиз талабга жавоб бермайдиган шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланаётганлиги, ниқобларни бир неча кунлаб алмаштирмаётганлиги, қишлоқ ҳудудларда карантин талабларига эътиборсизлик қилинаётганлиги вируснинг аҳоли орасида янада кенгроқ тарқалишига олиб келиши мумкин. Шу сабабдан барчамиз карантин талабларига қатъий риоя қилишимиз лозим!

Коронавирус пандемияси қачон тугаши ҳеч кимга маълум эмас. Вазият қанчалик мураккаб бўлишига қарамасдан, турли тасдиқланмаган хабарларга ишонмасдан, шифокорлар тавсияларига қатъий риоя қилиб, ушбу синовларни сабр-тоқат билан егиб ўтишимиз лозим. Зарурат бўлмаса жамоат жойларига чиқмаслик, турли маросимларда қатнашмаслик, инфекция кўп тарқалган ҳудудларга бормасликни сўраймиз. Ана шундагина ушбу синовларни талофатсиз енгиб ўтишимиз мумкин.

Ҳурматли юртдошлар!

Фурсатдан фойдаланиб бугунги мураккаб даврда ўз ҳаётини хатарга қўйиб, халқимиз учун фидокорона курашаётган тиббиёт ходимларига ўз миннаддорчилигимизни билдирамиз.

Пандемияга қарши кураш – ҳар  биримизнинг том маънодаги виждон ишимиз бўлса, ўйлаймакни, барчамиз олдимизга қўйган мақсадларга албатта етамиз.

 

Эътиборларингиз учун раҳмат! Саломат бўлинг!

 

2015-2023 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM