Булунғурда қайси маҳалла қайси йўналишга ихтисослашиши мумкин?

Булунғур тумани ҳокими бугун мазкур саволга жавоб топиш мақсадида “Небўса”, “Ўроқли”, “Исори Ўроқли”, “Чангал-1”, “Булунғурариқ”, “Нурли йўл” маҳаллаларида бўлиб, аҳоли билан яқиндан суҳбатда бўлди. Туман ҳокими суҳбат давомида аҳолининг қизиқиши, келгуси режалари, айрим оилаларнинг бугунги кунда шуғулланаётган соҳасини янада кенгайтириш борасида қандай муаммо ва таклифлари борлиги билан қизиқди.

 

Жумладан, Исори Ўроқли маҳалласида “Кўмакдош чарм” МЧЖга маҳалла биносидан хона ажратиб берилган. Чармдан футбол тўпи, ремент, сифатли қўлқоплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркор Жомонқулов Иброҳим бугунги кунда 10 нафар ёшга ўз ҳунарининг сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. Суҳбат давомида тадбиркор хом-ашё масаласида муаммолар юзага келаётганлиги ва маҳсулот таннархини арзонлаштириш мақсадида терига бирламчи ишлов берувчи дастгоҳ олиш ниятида эканлигини маълум қилди.

Шу маҳалладаги фуқаро Собиров Олим 2018 йилдан буён тухумга ихтисослашган паррандачилик билан шуғулланиб келади. Айни вақтда 200 та товуқни парваришлаётган тадбиркор бугунги кунда 180 тагача тухум олмоқда. Тадбиркор ўз тажрибаси билан ўртоқлашар экан, товуқларга сокинлик керак эканлигини, шу сабаб доимий равишда мумтоз тароналардан паст овозда эшиттириб қўйишини билдирди.

“Чангал-1” маҳалласида Азимов Шамсидин томонидан 1800 та гўштга ихтисослашган жўжалар паравариш қилинмоқда. Ушбу фаолият билан 4 йилдан буён шуғлланиб келаётган тадбиркор 1 кунлик жўжаларни 4 500 сўмдан олиб, маҳаллий иқлимга мослашгунича 15 кунлар атрофида парвариш қилиб, 15 - 18 минг сўмгача пулламоқда. - Жўжалар ўлмасдан, ўзини тутиб кетиши харидорлар ишончига кириш учун жуда муҳим, дейди тадбиркор.

“Нурли йўл” маҳалласида тадбиркор Дадилов Бегзод томонидан гўштга ихтисослашган 3000 та жўжалар параваришланмоқда. Тадбиркор келгусида ушбу фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида кредит олиш истагини билдирди.

Масаланинг эътиборли жиҳати шундаки, ушбу соҳанинг ҳадисини олган фуқароларнинг барчаси фаолиятини янада кенгайтириш ниятида. Туман ҳокими бу масалага эътибор қаратиб, соҳани янада ривожлантириш учун ушбу тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш лозимлигини, бу ўз навбатида ушбу маҳаллалар, келгусида атрофдаги маҳаллаларда ҳам паррандачиликнинг янада кенг ривожланишига олиб келишини таъкидлади. Келгусида истак билдирган хонадонларга тажриба тариқасида 20-30 тадан жўжалар тарқатилиши режалаштирилди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM