Мақсад аниқ! Унга борар йўл ҳам!

Бугун, 9 март куни туман ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари Ж.Ураков ҳамда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Шакарбоев раислигида семинар ўтказилди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи А.Умаров, Булунғур тумани ҳокимининг ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи А.Ҳазратқулов,  тумандаги иқтисодий комплекс раҳбар ва масъул ходимлари, маҳалла раислари, тижорат банклари ҳамда кун тартибидаги масалага алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Семинар давомида Ж.Ураков камбағалликни ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш ёки кредит ажратиб бериш орқали камайтириб бўлмаслигини, бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш лозимлигини ва бу борада муҳим вазифалар белгилаб берилганлигини таъкидлади. Ушбу мақсадга эришиш учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни бир маҳалла мисолида батафсил тушунтириб берди.

Учрашув давомида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Шакарбоев сўзга чиқиб, бугунги кунда тумандаги ҳар бир маҳалланинг Паспорти ишлаб чиқилаётганлигини, унда хусусан:

 1.Камбағалликка оид реал аҳвол, яъни маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларнинг сони, ногиронлиги бўлганлар, беш ва ундан ортиқ фарзанди борлар, ишсизлар, мигрантлар ва бошқалар ҳақида маълумотлар;

2.Махалланинг салоҳияти яъни, хўжалик юритувчи субъектлар, табиий ресурслари, оборотдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, мавжудларидан самарали фойдаланиш, инфратузилма аҳволи тўғрисида маълумотлар киритилаётганлигини маълум қилди.

Учрашув якунида камбағалликни камайтириш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур соҳада бир қанча ишлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Жумладан, оилаларни касбга ва ҳунарга бепул ўқитишни ташкил этиш, кредит маблағларининг 30 фоизини анъанавий оилавий тадбиркорлик лойиҳалари, жумладан уй шароитида ўзини-ўзи банд қилишга, 70 фоизини камбағал аҳолига иш ўрни яратишни кўзда тутувчи кичик ва ўрта лойиҳаларга ҳар томонлама амалий ёрдам беришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM