Солиқ турлари қисқартирилди

“Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-599-сон, 30.12.2019 й.) Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия Вазирлиги хабар бермоқда.

 

Қонунга мувофиқ, 2007 йилда қабул қилинган Солиқ кодексида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар 2020 йилнинг 1 апрелига қадар амал қилади.

 

2020 йилнинг 1 январигача қабул қилинган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади.

 

Қонунга кўра, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови ва қатъий белгиланган солиқ ўрнига тегишлича ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқ ҳамда қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи киритилмоқда.

 

Ҳисобланган солиқ суммасидан ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг ошиб кетиши натижасида ҳосил бўлган ҚҚС суммасининг ўрнини қоплаш 2020 йилнинг 1 июлидан эътиборан амалга оширилади.

 

Солиқ тўловчи 2020 йил 1 январга қадар ҳосил бўлган зарарни келгусига, ушбу зарар кўрилган солиқ давридан кейинги 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга кўчиришни амалга оширишга ҳақли.

 

Бунда, ҳар бир кейинги солиқ даврида ҳисобга олинадиган ўтказилаётган зарарнинг жами суммаси жорий солиқ давридаги солиқ базасининг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.

 

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқларни унификациялаш, ўхшаш солиқ солиш базасига эга солиқларни бирлаштириш орқали улар сони мақбуллаштирилди, солиқ ҳисоботлари камайтирилди ва соддалаштирилди.

 

Солиқ турлари 9 тагача қисқартирилди. Хусусан, ягона ер солиғи, давлат божи, божхона тўловлари ва тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ турлари бекор қилинди.

 

Кодексга кўра, солиқ органлари солиқ текширувларининг қуйидаги турларини ўтказади:

- камерал солиқ текшируви;

- сайёр солиқ текшируви;

- солиқ аудити.

 

Кодексга трансферт нарх шакллантиришни назорат қилиш нормалари, “ўзаро боғлиқ шахслар” ва “ўзаро боғлиқ шахслар ўртасида назорат қилинадиган битимлар”, “назорат қилинадиган чет эл компанияси” тушунчалари киритилди.

 

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM