Булунғур туманидаги 10-мактаб ҳақиқатдан совуқми?

Ижтимоий тармоқларда Дониёр Мирзаев исмли фойдаланувчи томонидан Булунғур туманидаги 10 мактабда ўқувчилар совуқдан курткада ўтиришгани, давлат томонидан берилган кўмир ёнмаслиги иддао қилинган фикр ёзиб қолдирилган. Ушбу ҳолатнинг қанчалик ҳақиқатга тўғри келишини аниқлаш, зарур бўлса тегишли чораларни кўриш мақсадида тумандаги 10 умумий ўрта таълим мактабида бўлдик.

Мактаб “Хўжамазгил” маҳалласида жойлашган бўлиб, 2 та бинога эга. 2015 йилда 210 ўринли бино бунёд этилган бўлса, 2019 йилда “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида 140 ўринга мўлжалланган яна бир бино барпо этилиб, фойдаланишга топширилган.

Мактаб директори Б.Мелибоев билан суҳбатлашганимизда мактабга 22 тонна кўмир-брикет ажратилганлигини, қолаверса ўтин заҳираси ҳам яратилганлигини, мактабдаги 3 та қозонхонанинг барчаси ишлаётганлиги, синфхоналарда ҳаво ҳарорати мўтадил эканлигини, исталган киши келиб бунга иқрор бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

  • Мактабларга шунча ёрдам қилинаётган, барча шароитлар яратилиб, “ўқитувчилар фақат таълим-тарбия билан шуғуллансин, қолган барча жиҳатлар билан мутасдди идоралар шуғуллансин”, дея таъкидланиб турган бир вақтда бу каби ёлғон хабарлардан кимлар манфаатдор экан?, дея савол ташлайди мактаб директори Б.Мелибоев. Сабаби ушбу маҳаллада Дониёр Мирзаев исмли фуқаро мавжуд эмас!

Қизиқ, “қаҳрамонимиз” ўзи кўрмаган, бирор марта бўлмаган мактаб ҳақида қандай қилиб бу қадар ишонч билан асоссиз фикр билдирмоқда? Яна ушбу масалани мамлакатимиздаги энг муҳим сиёсий жараён – сайловлар билан боғласа?!

 

Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM