Муаммолар йўқ эмас. Уларни бартараф этиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 25 ноябрь куни “Газ баллонини тўлдириш ҳаялламоқда; ўтин нархи икки миллион сўмга чиқиб кетди” сарлавҳали хабар эълон қилинди. Хабар Булунғур тумани хусусида бўлиб, унда, жумладан, электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳақида сўз юритилади. Бугунги кунда ҳақиқатдан ҳам туманда электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар кузатилмоқда. Биз бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари ахборот хизмати билан боғланганимизда юртимизга совуқ ҳаво оқими кириб келиши муносабати билан аҳоли хонадонларида иситиш мақсадида электр печларидан кенг фойдаланилаётганлиги тез-тез авария ҳолатлари келиб чиқишига сабаб бўлаётганлигини, қолаверса ёқилғи танқислиги сабабли ҳам узилишлар содир бўлаётганлигини, ушбу камчликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, кўп сонли мурожаатларни инобатга олган ҳолда, тез орада матбуот анжумани ташкил этилиши, барча саволларга батафсил жавоб берилишини маълум қилди.

Мақола давомида суюлтирилган “газ баллонларини тўлдириш ҳам ҳаялламоқда” эканлиги ёзилган. Ҳудудгаз Самарқанд МЧЖнинг Булунғур туман филиалининг маълум қилишича, филиал томонидан 25.210 та хўжалик рўйхатга олинган бўлиб, уларга жами 27.636 дона маиший газ баллонлари ижарага берилган. Аҳолига суюлтирилган газ баллонларини тўлдириб, етказиб бериш учун 5 та ISUZU русумли автомашиналардан фойдаланилмоқда. Газ баллонлари маҳаллаларга график асосида, 45-50 кун ичида етказиб берилмоқда. Филиал раҳбари С.Холиқовнинг маълум қилишича, ҳисоб-китобларга қараганда 400 та хўжалик истиқомат қилувчи битта маҳҳаллага мингтадан ортиқ маиший газ баллонлари етказиб берилиши каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бунга сабаб аҳоли қўлида сотиб олинган ва филиал томонидан рўйхатга олинмаган баллонлар ҳам талайгина. Келгусида бу каби ноқонуний ҳолатларга қарши курашиш ва шу орқали етказиб бериш муддатини янада қисқартириш, шунингдек, қўлдан-қўлга ўтишида нархларнинг сунъий равишда ошишининг олдини олиш мақсадида баллонларни филиал ходимлари томонидан уйма-уй тарқатиш амалиётини қўллаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, хабарда ўтиннинг нархи кўтарилиб кетгани ҳақида сўз юритилган. Доно халқимизда азалдан “қиш ғамини ёзда е” деган бир нақл бор. Кунлар совигач ўтин нархининг кўтарилиши табиий ҳол. Бу бозор иқтисодиёти. Шундай экан аҳолининг совуқ кунларда қийналмаслиги учун давлат томонидан ижтимоий таъминот чоралари ҳам кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон темир йўллари бирлашган ёқилғи омбори хўжалигининг “Самарқанд” маҳалласида жойлашган Булунғур туман филиали омборида бугунги кунда 100 тонна кўмир брикет мавжуд бўлиб, бир тоннаси нархи – 412.500 сўм. Хўжаликнинг Самарқанд шахри, “Матонат” маҳалласи, Гўруғли кўчаси 2-уйда жойлашган “Самарқанд” кўмир омборида Қозоғистондан келтирилган юқори сифатли импорт кўмирнинг бир тоннаси 635.000 сўмдан, бир тонна Ангрен кўмири 300.300 сўмдан берилмоқда. Маҳалла аҳли келишиб, умумлашган ҳолда марожаат қилинганида кўмир автотранспорт харажатларисиз маҳалланинг ўзига ҳам етказиб берилади. Бунинг учун аҳоли ўзи истиқомат қилиб турган маҳалла фуқаролар йиғини раисига мурожаат қилиши лозим.

 

Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM