Булунғур Республикада эътироф этилди!

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги томонидан ўтказилган “Йилнинг энг яхши ижтимоий ходими” касбий кўрик танловининг Республика босқичида Самарқанд вилояти Булунғур туман шуъбаси уйда ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходими Исломова Шахзода Асадовна Ижтимоий хизматлар агентлиги директори А.Инаков томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

 

Ушбу муҳим ютуқни қўлга киритиб, 3 йилдан буён вилоятда пешқадам бўлиб келаётган шуъба Республика даражасида эътироф этилди.

 

Маълумот учун, туман Тиббий-ижтимоий хизматлар шуъбаси томонидан ёлғиз, кекса 74 нафар пенсионерлар рўйхатга олинган. Улар бўлим томонидан ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, бепул дори-дармонлар етказиб берилади. Ҳар йили санаторияларга йўлланмалар берилиб, саломатлиги доимий назорат қилиб борилади. Куз-қиш мавсуми бўйича қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, кўмир, ўтин ҳомийлар ҳисобидан берилиши ташкил этилади.

 

6 йилдан буён Мухторов Равшан Аширович раҳбарлик қилиб келаётган бўлимда 9 нафар уйда ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар, 2 нафар мутахассис фаолият юритади.

 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бўлим томонидан туманда истиқомат қилувчи ногиронларга 33 та ногиронлик аравачаси, 15 та эшитиш мосламаси, 13 та кўлтиқтаёқ, 24 та ҳасса, 2 та тирсакли ҳасса, шунингдек, ногиронлиги бўлган 35 нафар ёлғиз кексаларга протез ортопедия маҳсулотлари етказиб берилди. 10 нафар ёлғиз пенсионерларнинг уйлари ҳомийлар томонидан таъмирланиши ташкиллаштирилди. Туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ёлғиз кексаларнинг Самарқанд шахри ҳамда Бухоро вилоятларига саёҳатлари амалга оширилди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM