Норасиданинг ҳаққидан қўрқмаганлар...

Эртанги кунимизнинг умиди бўлмиш ёшларимизнинг дастлабки тарбия масканидан ҳам ўз шахсий манфаати йўлида фойдаланувчилар, афсуски йўқ эмас орамизда...

Булунғур туманидаги 5 сонли мактабгача таълим ташкилоти 2018 йилда Давлат Инвестиция дастурига тушган эди. Дастурга мувофиқ муассаса ҳудудида 1 млрд. 500 млн. сўм эвазига икки қаватли янги бино барпо этилди.

2019 йил 1 июндан ишга тушурилган, 3 та гуруҳ, 70 нафар тарбияланувчига мўлжалланган ушбу МТТда аслида 6 та гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, 115-165 нафар атрофидаги болалар қатнаётганлиги аниқланди. Тўғри, мактабгача таълим муассасалари етишмайди. Бу қонунни бузиш мумкинлигини англатадими? Хўп, 150 тами, 160 тами болани олибди. Аммо, таълим ташкилоти бу қамров учун мослаштирилмаганку? Уларнинг кунлик озиқ-овқати бошқаларнинг ризқидан бўлмаяптими? Ахир озиқ-овқат рўйхатдаги болалар сонига қараб берилмаганми? Улар гигиена талабларини бузган ҳолда битта ўринга иккитадан ётқизилмаяптими (краватлар сони 90 та эканлиги аниқланган)? Рўйхатда йўқ бу болалардан олинаётган “давлат божи” кимнинг чўнтагига кирган?

Ўрганиш давомида МТТга 100 нафар тарбияланувчининг йўланмалари асосида қабул қилинган бўлсада, қолган 65 нафар тарбияланувчининг йўлланмалари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Ҳар куни 100 нафар болажонларга меню қилиниб, овқат ташкил этилсада, уларнинг ҳисобидан 65 нафар болажонлар ҳам кунлик овқатланиб келишган.

Масаланинг бунданда қизиқ жиҳатлари бор экан: 100 нафар болага деб, аслида 165 нафар болага тайёрланадиган овқат учун муассаса хўжалик мудири ярим литрдан сал камроқ ёғ ажратиб берган! 100 нафар бола учун 30 дона қолипли нон ажратилар экан-у, аммо 165 нафар боладан ҳам ўша 30 дона ноннинг 8 таси ортиб қолар экан?! Ҳар куни!!! Бу фақатгина ёғ ва нондаги фарқлар холос...

Муассасада шунга яраша шароит ҳам яратилмаган бўлиб, сочиқлар ва болалар идиш-товоқлари битта хонада жойлаштирилган, идиш-товоқлар тоғораларда ювилиб келинган...

Муассасада битта гуруҳ учун ажратилган 1,75 ставкадаги тарбиячи ҳамда 1.25 ставкадаги ёрдамчи тарбиячи лавозимларига 3 нафардан ходим ишлаб келган. “Тарбиячи” штат бирлигида турган ходимга “омборхона мудири” вазифаси ўриндошлик асосида берилган. Яна бир омборхона мудири эса ишга келмаслиги, уйида тикувчилик билан шуғулланиши маълум бўлди. Бундан ташқари, муассасада буйруқда йўқ 4 нафар “ходим”лар ҳам маълум вақт давомида фаолият юритганлиги аниқланди...

Булар ҳали ҳаммаси эмас экан: мактабгача таълим бўлими томонидан август ва сентябрь ойларида МТТ ходимлари учун рағбат пуллари чиқарилган бўлсада, бироқ ходимлар ушбу маблағларни олмаганликларни маълум қилишди (ведомостга қўл қўйдирилган. Аммо, ходимлар нимага, қанча маблага қўл қўйишяпти, ўзлари ҳам билишмаган, бунга йўл қўйилмаган!).

Бундан ташқари, муассаса мудираси Л.Усманова 1 штат бирлиги МТТ мудирасидан ташқари 0,16 ставка рус тили ўқитувчиси лавозимини ҳам қонунга зид равишда ўзига олганлиги маълум бўлди.

Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармасининг 2019 йил 1 ноябрдаги 346-к-сонли буйруғи билан Л.Усмонова ўз вазифасидан озод этилган. Муассаса мудираси вазифасини вақтинча бажариш Г.Шомуродова зиммасига юклатилган.

Шундан кейин Л.Усмонова “ўзим қилганман” дея, муассаса фаяси ва хоналардаги пардаларни ҳам уйига олиб кетган. Пардалар учун эса, ўз вақтида, муассаса ходимларидан 150-200 минг сўм атрофида пуллар йиғилган.

Бугунги кунда 5-сонли МТТнинг мансабдор шахслари томонидан юқоридаги хато ва камчиликлар ҳамда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барчасига ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ойдинлик киритилади ва ҳуқуқий баҳо ҳам берилади. Фақат бунинг учун маълум вақт талаб этилади.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM