Булунғур тумани ҳокими Баходир Абдуллаевич Бахрамовнинг тадбиркорларга мурожаати!

Булунғур туман ҳокими Баходир Абдуллаевич Бахрамовнинг

туман тадбиркорларига

МУРОЖААТИ

 

Азиз юртдошлар!

Ҳурматли тадбиркорлар!

 

Вақт ўтиши билан тадбиркорлик - инновацион ва замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиладиган иқтисодий йўналиш сифатида тараққиёт омилига айланиб бормоқда.

         “Фаол тадбиркор” деганда, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонлар  катлами тушунилади.

Туманимизда ҳам соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ёш, иқтидорли ва тажрибали ишбилармон тадбиркорларимиз барча соҳаларда жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, уларни “Ўзбекистон бренди” остида дунё бозорларига экспорт қилмокдалар. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар кун сайин жамиятимизнинг етакчи кучига айланиб бормоқда.

Бугун мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилиб, янги саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятини кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги кўплаб бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда. Ушбу эзгу мақсадлар йўлида қабул қилинган бир қатор қарор ва фармонлар ҳам фикримизнинг исботи бўла олади.

Қадрли тадбиркорлар!

Шуни айтиб ўтиш лозимки, бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин эканлигини барча бошқарув органлари бирдек англаб етган.

Зеро, Муҳтарам Юртбошимиз сизларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз, самарали фаолият юритишингиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб қўйдилар.

Соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ортидан Булунғур туманида ҳам қулай тадбиркорлик муҳитини, фаол ва рақобатбардош тадбиркорлар қатламини яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Туман ҳокимлиги ҳамда тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг 22.10.2019 йилдаги қўшма қарори билан Булунғур туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳузурида фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакилларидан иборат фуқаролар иштирокида “Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши” ташкил этилди. Мазкур жамоатчилик кенгаши зиммасига кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш юклатилган.

       Жумладан, ўтган давр мобайнида Булунғур туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига 77 нафар тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг вакиллари томонидан 109 та масала юзасидан мурожаат йўлланган бўлиб, шу кунга қадар ушбу масалаларнинг 104 таси тўлиқ кўриб чиқилган. Ушбу мурожаатларни ўрганиш давомида шу нарса маълум бўлдики, тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор: ер ажратиш ва кредит олиш. Мазкур муаммоларни тадбиркорлар фойдасига ижобий ҳал этиш мақсадида шундай тартиб ўрнатиладики: бундан буён тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади. Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам бериш мақсадида вилоят банкларининг айрим ваколатлари туман банкларига ҳам берилади.

  Ҳурматли тадбиркорлар!

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар натижасида, бугун туманимизда тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланмоқда. Сўзимизнинг исботи сифатида рақамларга эътибор қаратсак: жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра туманимизда  901 та юридик тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда ва 272 та янги корхона ташкил этилди. Солиштирадиган бўлсак, уларнинг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 мартага ошди, жумладан, ўтган ойларда 43 та фаолият кўрсатмасдан келаётган корхоналар фаолияти тикланди. Натижада, ҳозирги кунга келиб туманимизда жами 2946 та юридик ва жисмоний тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келмоқда ва уларнинг сони жадал ўсиб бормоқда.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасидаги саъй ҳаракатларимиз натижасида, туманимизда 2019 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокида 7 та хорижий корхона фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 5 та хорижий корхоналар томонидан 6,1 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилди. Буларнинг барчаси албатта янги иш ўринлари яратилшига, келгусида туманимиз экспорт салоҳиятининг янада ўсиши ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Мирсол учун, Хитой Халқ Республикаси инвестори Chen Chongzhou томонидан 2018 йил 13 декабрида “Хитой Беш Бармоқ қурилиш материаллари”  масъулияти чекланган жамияти шаклдаги хорижий корхонаси томонидан пишиқ гишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали жорий йилда 3,0 млн АҚШ доллар миқдорида хорижий инвестиция киритилди ва корхона тўлиқ қувватда иш бошлаганч 100 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурларида асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, паррандачилик, узумчилик, чорвачилик соҳаларида 53,5 млрд. сўмлик 20 га яқин лойиҳалар амалга оширилди.

Бундан ташқари туманда январ-ноябр ойларида ҳажми 31,3 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 26 млн 300 минг долларга экспорт қилинди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (ўтган йили 10 млн 668 минг.доллар)  2,7 баробарга кўпдир.

Туманимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
16 мартдаги  ПҚ-3607-сонли “Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Булунғур туманидаги собиқ “Килдон” АЖнинг бўш турган бино-иншоотлари ва фойдаланилмаётган ер майдонлари негизида кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, у қарийб 7,5 гектар майдонни ўз ичига олади. Ҳозирги кунда тумандаги кичик саноат зонаси ҳудудида 4.1 гектар бўш ер майдони мавжуд бўлиб, тадбиркорлик қилиш истагини билдирган талабгорларга нол қийматда берилади.

Бундан ташқари 1,4 гектар миқдордаги 93 та ер участкаси "Ер-аукцион" электрон савдосига қўйилганлигини маълум қиламан.

Сизда яхши ғоя борми? Унда ҳозир ишлаб чиқариш  соҳасига ҳеч иккиланмасдан қўл уришнинг айни вақти!

Сизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бор, аммо ахши ғоя йўқми? Унда Сизга зарурий тавсияларимиз ҳам бор:

  • Биринчидан, хусусий мулкдорларга тегишли бўлган ва бугун бўш турган бино, иншоотлар ҳамда фойдаланилмаётган ер майдонларидан самарали фойдаланиш зарур.
  • Иккинчидан, туманда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда интенсив боғ ва иссиқхоналар ташкил қилиш лозим.
  • Учинчидан, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда муҳим бўлган 9 та йўналиш (чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, паррандачилик ва ҳоказо...)ни ривожлантиришга киришиш керак.
  • Тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, тозалаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва музлаткич омборларга жойлаштирувчи терминаллар ташкил қилинса нур устига нур бўларди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, 2020 йилдан бошлаб янгидан барпо этилган 1 гектар интенсив боғ учун 8 млн сўм ва 1 гектар токзорлар учун 4 миллион сўм субсидия берлиши белгиланган.

       Туманда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ҳамда кластерлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича 2020 йилда умумий қиймати 20,3 млн. АҚШ доллари миқдорида, 9 та лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган бўлиб, бунинг натижасида қўшимча равишда 199 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

       Жумладан, қиймати 12 млн АҚШ доллар миқдорида “Агролиния Самарқанд” МЧЖ томонидан 400 тонна сиғимдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омборхонаси лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган.

       2020 йилда туманимизда 2000 гектар лалми ер ва 200 гектар сувли ер майдонлари ғалла майдонларидан қисқартирилиб, ўрнида босқичма-босқич экспортбоп маҳсулотларни етиштириш бўйича интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш ҳамда мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Ҳозирда ушбу интенсив боғларни ташкил этиш учун кўчат, томчилатиб суғориш учун полиэтилен қувурлар, шпалер ва махсус сеткалар олиб келиш учун талаб этиладиган маблағларни йўналтириш ва четдан келтириладиган кўчат ва махсулотлар учун келишув ишлари олиб борилмоқда.

        Бундан ташқари туманимизда 2020 йилда ички бозорда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ҳамда чет эл давлатларига гўшт маҳсулотларини экспорт қилишни ташкил этиш мақсадида жами 73.8 гектар ер майдони ажратилиб, 400 бош қорамолни бўрдоқига боқишга мўлжалланган 2 дона чорвачилик комплекси ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 3.0 млрд. сўмни ташкил этади.

        Ўтган давр мобайнида банкларимиз томонидан тадбиркорларга жами 312,2 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Айниқса кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “Ҳар бир оила - тадбиркор”, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси”, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш жамғармаси”, “Бандликка кўмаклашиш жамғармаси”, “Ёшлар - келажагимиз” давлат дастурлари доирасида 24,3 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилганлиги эътиборга моликдир.

        Азиз тадбиркорлар!

Сизга маълумки, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.07.2018 йилдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини  ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3856 сонли Қарори билан қишлоқ туманларида (аҳоли сони 5 минг кишидан кўп бўлган аҳоли пунктлари бундан мустасно) сартарошхона хизматларини, якка тартибдаги буюртмалар бўйича кийим тикиш хизматларини, пойабзал таъмирлаш хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни ташкил этган, шунингдек, жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлгача барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этилиши белгиланган.

Мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш мақсадида юртбошимизнинг 27.06.2019 йилдаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сонли Фармони ҳам қабул қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2019 йилдаги “Донни қайта ишловчи корхоналар ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан маҳаллий дондан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган ун асосида қолипли нонни тайёрлаш ва сотиш 2020 йил 1 июлгача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди.

Бу каби имтиёзлар ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шу ўринда туманимиз аҳлига мурожаат қилмоқчиман:

Азиз фуқаролар! Шундай улкан имкониятлар яратилган, тадбиркорлик фаолиятингизни бошлашингиз учун шу қадар кенг имтиёзлар берилган бир вақтда Сизнинг тадбиркорлик билан шуғулланишингизга нима тўсиқ бўлмоқда? Сизларни тадбиркорлик билан фаол шуғулланишга чақираман! Ҳеч иккиланмай иш бошлашингиз мумкин! Негаки Сизни қўллаб-қувватлаш бизнинг бирламчи вазифамиздир!

Бугунги кунда ҳар бир идоранинг кун тартибида энг устувор масала – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдир!

Бундан буён тадбиркорлар жамиятимиздаги энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралари фаолиятига танқидий-таҳлилий баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар. Зеро, бу бугунги давр талаби!

Бизлардан эса барча тоифадаги тадбиркорлар билан учрашиш, уларни қийнаётган муаммоларини эшитиш, тадбиркорлар давлат ҳокимияти идораларидан кутаётган шарт-шароит ва хоҳиш-истакларини аниқ тушуниб олиш ва имкон қадар уларни амалга ошириш талаб этилади.

Бундан буён ҳар бир лойиҳа туман ҳокимлигининг шахсий назорати остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш бизнинг биринчи галдаги вазифамиздир.

Бир нарсани барчамиз англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир! Сиз туфайли туманимизда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан – бугунги кунидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.

Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган топшириқларига мувофиқ, туманимизнинг салоҳияти ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, саноат ва туризмни ривожлантириш йўлида тадбиркорлик ташаббусларини шахсан қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳурматли ишбилармонлар!

Бундан буён тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, 4 та сектор раҳбарлари   “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” мезони асосида иш фаолиятини ташкил этади. Бунда ҳар бир идоранинг кун тартибидаги устувор вазифаси – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот килиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлади.

Тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, барча бўғиндаги бошқарув ва назорат органлари тадбиркорликнинг ривожланишига халақит қилаётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини таъминлайди.

Бунда:

тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки Сизларга фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қаралади;

ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади ҳамда тадбиркорлар мол-мулки далхсизлиги таъминланади;

тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилади, маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай барҳам берилади.

Ҳурматли ишбилармонлар!

Сизлар бугун нафақат ишлаб чиқарувчи, яратувчи, бизнес олами, балки  фаол жамоатчилик вакилисиз. Сиз халқ билан бирга, халқ дарди ва қувончи билан яшайсиз. Шу боис тадбиркор билан янада жипслашиб ишлаш, уларнинг дарди-ҳолини эшитиш, муаммоларига тезда ечим топиш асосий вазифамиз бўлиб қолади.

 

Булунғур тумани ҳокими Баходир Абдуллаевич Бахрамов!

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM