ЁЛҒОН АХБОРОТ БЕРГАН МУХБИР ҚОНУН ОЛДИДА ЖАВОБ БЕРИШИ КЕРАК! ёхуд журналист нега нохолис ёндашди?

Фаолият устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, муаммо ва камчиликларни танқидий таҳлил этиб, ҳамкорликда ҳал этиш чораларини кўриш, албатта, ўз самарасини беради. Бироқ...

Кейинги пайтларда бирор бир шахс ёки соҳа фаолиятига нохолис назар ташлаб, амалдаги қонунчилик талабларини четлаб ўтган ҳолда баъзи ижтимоий тармоқларда ўқувчи аудиториясини йиғиш, шахсий адоват, шунингдек, ёлғон маълумот бўлса-да, уни текширмасдан, холис ёндашмасдан жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш ҳолатлари учраб турибди. Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган Самарқанд шаҳридаги 40-умумтаълим мактабида бундан уч йил аввал олинган видеонинг (синфхоналардаги абгор ҳолат акс этган) тарқатилгани, аслида эса ҳолат мутлақо бошқача бўлиб чиққани фикримизни тасдиқлайди. 

Таассуфки, бундай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга қўл уришда баъзи оммавий ахборот воситалари вакиллари — журналистлар ҳам четда қолмаётгани кишини ажаблантиради. Жорий йилнинг 11 ноябрь куни “Маҳалла” газетасининг Mahalladosh.uz веб-сайтида Синфхоналар қачонгача қўлбола иситгичлар билан иситилади? номли танқидий мақола эълон қилинди. Унда Булунғур туманидаги 15-, 42- ҳамда 52-умумий ўрта таълим мактабларида куз-қиш мавсумига етарлича тайёргарлик кўрилмагани, гўё ҳали ҳам синфхоналарни иситишда қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланилаётгани танқид остига олинган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С. Усмонов, Булунғур туман ҳокими Б.Баҳромов, туман халқ таълими бўлими мудири в.б. С.Бердиқулов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи аъзолари муаммони жойида ҳал этиш мақсадида ушбу мактабларда бўлди.

Мақола муаллифи Ёрмамат Рустамов гўё Булунғур туманидаги баъзи умумтаълим мактабларида “буржуйка” — қўлбола иситиш печларидан фойдаланилаётганини таъкидлаб, дастлаб, 15-умумтаълим мактабига 24 миллион сўмлик замонавий иситиш тизимлари ўрнатилганини қайд этган. Аммо қозонхоналар торлиги боис ичкарида кўмир сақлашнинг иложи йўқ эмиш... Мухбирнинг лоқайд ва эътиборсиз сўз юритаётгани шу ердан маълум бўла бошлайди. Негаки, кўмир ёрдамида иситиладиган ҳар бир умумтаълим мактабида кўмирхона мавжуд бўлиб, ҳеч қачон кўмир қозонхонада сақланмайди. Бу, ўз навбатида, ёнғин хавфсизлиги талабларига ҳам жавоб бермаслиги мухбирнинг “назаридан” четда қолган. Бундан ташқари, мактабда 30 тонна кўмирнинг ўрнига 26 тонна жамғарилгани ҳақида ёлғон ахборот берган. Аслида бугунги кунда 15-умумтаълим мактабида 30 тонна кўмир билан биргаликда, қишнинг совуқ келиши инобатга олиниб, керакли ўтин ҳам жамғариб қўйилган.

Ё. Рустамов «Гулзор» маҳалласида жойлашган 52-умумтаълим мактаби 2006 йилда фойдаланишга топширилгани, иситиш тизими ҳам ўша йилда қурилганини келтириб ўтади-да, мактаб директори Б.Абдукаримовнинг “тили” билан фикрини давом эттириб, “вақт ўтиши билан бу ускуналар эскириб, яроқсиз аҳволга келиб қолган”ини таъкидлаган. Ваҳоланки, мазкур умумтаълим мактабида иситиш тизими 2018 йил ноябрь ойида тўлиқ таъмирланган бўлиб, бугунги кунда соз ҳолатда. Афсуски, мактабда «Буржуй-К» печларидан фойдаланиш 2016 йилдаёқ воз кечилган бўлса-да мухбир сарлавҳани Синфхоналар қачонгача қўлбола иситгичлар билан иситилади?” дея ёлғон ахборотларига жамоатчилик эътиборини қаратишга уринган.

Ишчи гуруҳ вакиллари билан биргаликда, Булунғур туманидаги мақолада танқид остига олинган мактаблардаги реал ҳолатни ўрганишда давом этиб, 42-умумтаълим мактаби директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Нарзулла Расуловдан кутилмаган гап эшитдик:

—Мен очиғи яқин вақт ичида мактабимизга Ёрмамат Рустамов деган мухбирнинг келганини ва унга интервью берганимни эслолмайман, — дейди у. — Аммо бундан аввал “Зарафшон” газетасиданман, деб Дилмурод деган киши келиб, мактабимиздаги куз-қиш мавсумига тайёргарликни ўрганиб кетганди...”

Н. Расуловнинг фикрларидан тушунарсиз ҳолат юзага келган бўлса-да, мактабдаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик, иситиш тизими билан танишиб, кўнгилдагидек ҳолатга гувоҳ бўлдик. Минг афсуски, мақолада келтирилган маълумотлар асоссиз бўлиб чиқди.

Кейин мухбирнинг мақоласида келтирган ёлғон маълумотлари, мактаблар раҳбариятининг ундай мухбирни кўрмаганлиги билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритишни лозим топдик. Маълум бўлдики, жорий йилнинг октябрь ойи ўрталарида Булунғур туманидаги худди шу — 15-, 42- ҳамда 52-умумтаълим мактабларига “Зарафшон” газетаси мухбири Дилмурод Тўхтаев келиб, улардаги мавсумга тайёргарлик ҳолатларини ўрганган. Ва ушбу газетанинг жорий йил 31 октябрь, 137-сонида “Остонада қиш”, рукни остида “Мактаб қишга тайёрми?” номли сарлавҳа билан мақола эълон қилинган. Таассуфки, унда ҳам Булунғур туманидаги умумтаълим мактабларида бирорта ҳам «Буржуй-К» печларидан фойдаланилаётгани тўғрисида маълумот келтирилмаган. Унда таъкидланган баъзи камчиликлар аллақачон тузатилган бир пайтда орадан қарийб бир ойча вақт ўтгач “Маҳалла” газетасининг Самарқанд вилоятидаги мухбири Ёрмамат Рустамов тайёр маълумотни олиб, жорий йилнинг 11 ноябрь куни mahalladosh.uz веб-сайти орқали эълон қилиб юборяпти. Ва бу хатти-ҳаракати билан нафақат халқ таълими соҳаси ходимлари ва ҳокимлик идоралари вакилларини сарсон қиляпти, шу билан бирга, ЖУРНАЛИСТнинг қонунчиликда белгилаб қўйилган бир қатор мажбуриятларига кўз юмиб, ёлғон ва нохолис ахборот тарқатди. Шунингдек, муаллифлик ҳуқуқларини поймол қилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 6-моддасида журналистнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Жумладан, унга кўра журналист “ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши” лозим. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни 5-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Юқоридаги ҳолатларда эса қонунда назарда тутилган талабларга мутлақо зид эканлигини кўриш мумкин.

Биз ана шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни 34-моддаси (“Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи”)да белгилаб қўйилганидек, “Маҳалла” газетаси ва унинг Mahalladosh.uz веб-сайтида мазкур нохолис ёндашув юзасидан раддия беришни талаб қиламиз.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Булунғур туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM