Туманда қолипли нон ва ун маҳсулотлари нархи қай аҳволда?

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги 866-сонли “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, дон ва ун савдолари биржа орқали амалга оширилиши ва нархни давлат эмас, бозор белгилаши белгиланди. Натижада ўз-ўзидан ун ва ун маҳсулотларинг нархи бироз кўтарилганлиги кузатилди.

2019 йил 22 октябр куни қолипли нон ишлаб чиқарувчи ва ун маҳсулотларини чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини фаолиятини ўрганиш, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори ижросини таъминлаш ҳамда туман аҳолисига сифатли қолипли нон ва ун маҳсулотлари етказиб берилишини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида ўрганишлар ўтказилди.

Ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди:

Тумандаги “Суғдиёна Шердор Бахт” хусусий корхонаси Ф.Йўлдош кўчаси 33-уйда жойлашган. Қолипли нон ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келади. 1 кг унни 2550 сўмдан олиб, бир дона қолипли нон чакана нархи 1250 сўм улгуржи нархи 1100 сўмни сотаётганлиги ва бир дона нон оғирлиги 420 грамни ташкил этиши маълум бўлди.

Тумандаги “Ризқ” маъсулияти чекланган жамияти “А.Темур” кўчаси 47-уйда жойлашган. Қолипли нон ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келади. 1 кг унни 2450 сўмдан олиб, бир дона қолипли нон чакана нархи 1250 сўм улгуржи нархи 1100 сўмни сотаётганлиги ва бир дона нон оғирлиги 410 грамни ташкил этиши аниқланди.

Корхонага А.Темур кўчасидан Булунғур Деҳқон бозорига кириш жойида аҳоли ва транспорт воситалари ҳаракатланишига халақит қилмайдиган ердан вақтинчалик енгил типдаги савдо нуқтаси ўрнатилиб қолипли нон савдоси йўлга қўйилди.

Тумандаги “Турон” унитар корхонаси “Соҳибкор” кўчасида жойлашган. Ун маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланади, ушбу корхона биржа савдолари орқали 20 тонна унни, 1 кг ўртача 2462,2 сўмдан олиб, 1 кг унни 2840 сўмдан (бир қопи 142 минг сўм) сотаётганлиги аниқланди, Шунингдек корхонага қарашли савдо дўконида Қозоғистон давлатидан олиб келинган 1-навли унни қопини 190 минг сўмдан, 2-навли унни 125 минг сўмдан, Самарқанд шаҳар “Фарход” қўрғонида чиқарилаётган “Лаззат” навли унни бир қопини 165 минг сўмдан сотаётганлиги маълум бўлди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, дон ва ун савдолари биржа орқали амалга оширилиши белгиланганига қарамасдан туманимизда қолипли нон ва ун маҳсулотлари нархи ошмаганлиги аниқланди.

Ушбу аниқланган ҳолатлар бўйича тадбиркорлик субъектларига қолипли нон ва ун маҳсулотлари нархини сунъий равишда ошириб юбормаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда туманда белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчилар октябр ойи ҳолатига жами 8000 нафарни ташкил этади. Шу кунга қадар уларнинг хар бирига 22 300 сўмдан компенсация (нон пули) пули бериб борилган бўлса, юқоридаги қарорга мувофиқ “Халқ банки” туман филиали томонидан нақд пулда 27 700 сўм пул маблағи қўшилиб тарқатилмоқда.

 

 

 

Туман ҳокимлиги Иқтисодиёт ва саноат бўлими

Ж.Раззоқов

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM