Мактабгача таълим муассасаларига кўрсатилган ёрдам учун имтиёзлар белгиланди!

Кўпчилик ташкилотлар мактабгача таълим муассасаларига таъмирлаш ишлари, ўйинчоқлар, спорт ускуналари, мебель анжомлари ва бошқа мосламалар билан ёрдам бериши сир эмас. Бундай ёрдам бир марталик ёки мунтазам равишда йўлга қўйилган бўлиши мумкин.  Вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 3 октябрдаги қарорга асосан энди бундай кўмак учун солиқ имтиёзлари берилади.

 

Бундай имтиёзлар давлатга қарашли бўлган мактабгача таълим муассасаларига оталиқ тарзида хайрия ёрдамини амалга оширувчи юридик шахсларга нисбатан амал қилади. Давлат-хусусий шерикчилигининг бундай тури ҳақидаги келишув бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилиб, танланган МТМга хайрия ёрдамини мунтазам равишда амалга ошириб боришни кўзда тутади.

 

2019 йилнинг 3 октябридан бошлаб, оталиқ тарзидаги хайрия ёрдамини кўрсатувчи ташкилотлар қуйидаги солиқ имтиёзларига эга бўладилар:

 

•  юридик шахслар томонидан даромад солиғини ҳисоблашда қилинган сарф-ҳаражатлар чиқариб ташланади;

 

•  хайрия қилинган маҳсулотлар(ишлар, хизматлар)га ҚҚС ва ЯСТ қўлланмайди;

 

•  маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) таннархидан арзон нархда сотилганда ҚҚС сотувнинг амалдаги қийматига нисбатан белгиланади.

 

Хайрия ёрдамини кўрсатувчи ташкилот саҳоватга йўналтирилган ишларнинг  тартиб ва мақсадларини мустақил равишда белгилайди. Ўз навбатида оталиққа олинган мактабгача таълим муассаси қабул қилинган маблағ ва воситаларнинг ҳисобини олиб бориши, хусусий шерикка улардан мақсадли фойдаланилгани ҳақида ҳисобот бериб бориши керак.

2015-2019 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM